29 Феврал 2024 йил 206

Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги устувор вазифалар юзасидан кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди

Президент Шавкат Мирзиёев қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш бўйича 2024 йил учун устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказмоқда.

Таҳлилларга кўра, юртимизда қуёш ва шамол энергияси салоҳияти электрга бўлган ҳозирги эҳтиёжни 10-12 баробар ортиғи билан қоплашга етарли экани таъкидланди.

Шундай улкан имкониятни ишга солиш масаласига анча йиллар давомида эътибор берилмай келингани, лекин сўнгги йилларда бу соҳада ҳуқуқий база яратилгани туфайли инвесторлар учун жозибадор муҳит шакллангани қайд этилди.

“Яшил энергия” манбаларини барпо қилиш бўйича юртимизда катта дастурлар бошланди. Бугунги кунга қадар соҳага 2,1 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция кириб келди, яна 13 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Деярли барча вилоятларда замонавий қуёш ва шамол электр станциялари барпо этилмоқда. 

Жумладан, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарёда 1,6 гигаваттли 9 та йирик қуёш ва шамол электр станциялари ишга тушди.

Андижон, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятида 183 мегаваттли 6 та йирик ва кичик ГЭСлар фойдаланишга топширилди.

Шунингдек, ижтимоий соҳа объектлари, корхона ва ташкилотлар, тадбиркорларга тегишли бинолар ва аҳоли хонадонларида умумий қуввати 457 мегаваттли қуёш панеллари ўрнатилди.

Натижада қўшимча 5 миллиард киловатт-соат экологик тоза электр ишлаб чиқариш ва 1,5 миллиард куб метр газни тежаш имконияти яратилди.

Бу соҳада бошланган кенг қамровли ишлар маҳаллий корхоналарда трансформатор, ҳар хил турдаги кабеллар, иситиш коллекторлари, қуёш панели, изолятор, металл устунлар каби маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ҳам катта туртки берди.

"Бир сўз билан айтганда, “яшил” энергетика ҳам иқтисодиётимиз драйверларидан бирига, ҳам чинакам умуммиллий ҳаракатга айланди”,  - деди давлатимиз раҳбари.

2024 йилда электр ишлаб чиқаришда “яшил энергия” улуши 15 фоизга етиши кутилмоқда.

Лекин, эришилган натижалар билан бир қаторда мавжуд имкониятлар барча ҳудудларда ҳам тўлиқ ишга солинмаётгани кўрсатиб ўтилди. 

Бу борада 2024 йил учун дастлабки режалар етарли эмаслиги қайд этилди. Мутасаддилар ўтган йилдан сабоқ чиқариб, бу йўналишда икки карра кўп ишлаши ва аниқ натижа кўрсатиши кераклиги таъкидланди.

Президент жорий йилдан бошлаб йирик “яшил энергия” қувватларини барпо этиш бўйича уч йиллик дастурни амалга оширишга ўтилишини таъкидлади.

Сабаби, энергетика тизимининг барқарорлигини таъминлаш учун янги қувватларга мос тармоқларни қуриш, электр сақлаш қурилмаларини ўрнатиш, зарур материалларни ишлаб чиқаришни режа қилиб, ҳозирдан бошлаш керак.

Шунинг учун аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари талабидан келиб чиқиб, келгуси уч йилда 8 гигаваттли 28 та йирик қуёш ва шамол электр станцияларини ишга тушириш, 944 километр юқори кучланишли электр тармоқлари ва 6 та йирик подстанцияни қуриш, жами 2,2 гигаватт бўлган 18 та электр сақлаш қувватларини ўрнатиш мўлжал қилиб олинди.

Энергетика вазирлигига жорий йилда ишга туширилиши режалаштирилган 14 та станция қурилишини жадаллаштириш топширилди.

Булар - Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Тошкент, Фарғона вилоятларида 2 гигаваттли 11 та қуёш, Бухоро ва Навоий вилоятларида 600 мегаваттли 3 та шамол станцияси.

Ушбу станцияларни барпо этиш доирасида 500 километр юқори кучланишли электр тармоқлари қурилади. Янги йирик станцияларни тармоққа улаш учун 5 та подстанция кенгайтирилади.

Жойларда қуёш панелларини ўрнатиш бўйича ишларни янада кенгайтириш, аҳолининг “яшил” энергиядан фойдаланиш борасидаги интилишларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди.

Бу мақсадларга қўшимча 50 миллион доллар ресурс ажратиш, хорижий инвесторлар билан музокаралар ўтказиб, яна 100 миллион доллар жалб қилишга кўрсатма берилди.

Тадбиркорларга қуёш энергияси қувватларини жорий этишда манфаатдорлигини ошириш учун қўшимча енгилликлар яратилиши белгиланди.

Электр истеъмоли юқори бўлган қишлоқ ва сув хўжалиги, ичимлик суви таъминоти корхоналарида “яшил энергия” қувватларини кўпайтириш бўйича ишларни жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди.

Масалан, қишлоқ хўжалиги ерларида қуёш панелларини ўрнатиш, яъни “агровольтаика” бўйича хорижий тажриба ўрганилмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатимизда 10 гигаваттли агровольтаика салоҳияти мавжуд.

Мутасаддиларга жорий йилда 6 та туманда “агровольтаика” усулида пилот лойиҳаларни бошлаш топширилди. 

Умуман, халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда энергия сарфи юқори бўлган соҳаларда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Йирик қуёш ва шамол станцияларини қуриш, уларни тармоққа улаш, ремонт-сервис хизматини кўрсатиш ҳисобига маҳаллий корхоналар учун катта бозор вужудга келмоқда. Ҳозирги кунда 30 дан зиёд йирик ва ўрта маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, 100 дан ортиқ сервис корхоналари мавжуд.

Давлатимиз раҳбари бу қувватлар ҳали етарли эмаслигини таъкидлаб, қуёш панеллари, аккумулятор, инвертор, сув иситкич, мис кабель ва трансформатор ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни кўпайтириш муҳимлигини қайд этди.

Шу билан бирга, маҳаллий корхоналарга хорижий инвесторлар талаб қиладиган халқаро сертификатларни олишда ва ишлаб чиқаришни стандартларга мувофиқлаштиришда кўмаклашиш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари бугун белгиланган вазифаларнинг тўлиқ ва сифатли ижроси учун масъулиятини кучайтириши лозимлиги, сусткашликка йўл қўйган раҳбарларга қатъий чора кўрилиши таъкидланди.

Мутасаддиларга жойларда қуёш панелларини ўрнатишда кўзбўямачилик ва “қўшиб ёзиш” ҳолатларининг олдини олиш юзасидан топшириқ берилди. 

Шунингдек, келгуси куз-қиш мавсумига тайёргарликни ҳозирдан бошлаш, қанча тармоқ, қанча трансформаторни таъмирлаш ёки янгилашга эҳтиёжни аниқ ҳисоб-китоб қилиб, тегишли дастурларни ишлаб чиқиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилишда тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.


Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/3906 



Барча янгиликлар

Text to speech