3 Сентябр 2024 йил 982

Келажак ёшлар қўлида

         Зокиржон ака ва Муқаддас опалар қизи Робиянинг соғлом ва баркамол вояга етиши, ҳаётда ўз йўлини топиши, иродасини мустаҳкамлаш, қолаверса, ўзини ҳимоя қила олиши истагида 8 ёшга тўлар-тўлмаган қизини спорт мактабига етакладилар. Робия Қўчқорова табиатан серҳаракат ва эпчил, тиришқоқ бўлгани боис спортга меҳр қўйди, астойдил ҳаракат қилди. Тинимсиз машғулотлар, устозининг саъй-ҳаракатлари ўз мевасини кўрсата бошлади. Ҳар бир спортчининг маҳоратини баҳоловчи мезон – мусобақадир. Робия республикамиз миқёсида ўтказилган қўлжанги беллашувларида қатнашиб, беш карра чемпионликни қўлга киритишга муваффақ бўлди.  Халқаро тоифадаги спорт устаси мақомига эришди. Тинимсиз меҳнатлари туфайли маҳоратини ошириб борган Робия  пойтахтимизда ўтказилган қўлжанги бўйича Жаҳон чемпионатида 2-ўринни, Россия Федерациясида Ёшлар ўртасида ўтказилган жаҳон кубоги мусобақасида фахрий 2-ўринни эгаллади. Белоруссиянинг Минск шаҳрида ўтказилган Европа очиқ чемпионатида 3-ўринни қўлга киритган бўлса, Туркияда ўтказилган  “Ислом бирдамлик ўйинлари”да фахрий 2-ўрин соҳиби бўлди. Ўзининг спорт мураббийи Саидмурод Алматов, Ларенсо Длималарни алоҳида илиқлик ва ҳурмат билан тилга олишни бурчи деб билади. Робия 2017 йили Тошкент  шаҳар ИИББ ППХваЖТСБга бўлинма милиционери лавозимида илк хизматини бошлаганида аллақачон чемпион бўлиб танилган эди. Чемпион қизга касб кўникмаларини, ўзига хос жиҳатларини Бош бошқарма бошлиғи ўринбосари, полковник  Муродилла Алиқориев, сафдор Наила Собировалар қунт ва сабр, ўзгача масъулият  билан ўргатдилар. Унинг юртимиз шаънини ҳимоя қилиш, довруғини дунёга таништириш борасидаги интилишлари, спортда эришаётган ютуқлари Ички ишлар вазирлиги томонидан муносиб баҳоланиб, “Ёшлар фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Бугунги кунда пойтахт ИИББ ЖТСБ бўлинмалари саф бўлинмалари ППХ бригадаси отряд инспектори, сафдор Робия Қўчқорова хизмат фаолиятини олиб боришда хизматдошларига ўрнак. Юртимизда ўтказиладиган нуфузли расмий учрашувлар, байрам тантаналари, спорт мусобақалари, халқ сайиллари, турли анжуман ва кўнгилочар тадбирларда пойтахтимизда хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ишларида хизмат вазифаларига сидқидилдан ёндашиб, тадбирларнинг тинч ва осойишта ўтишига ўз ҳиссасини қўшиб келяпти. Шу билан бирга спорт машғулотларини ҳам ҳамоҳанг олиб боряпти. Халқаро миқёсда ўтказилаётган нуфузли мусобақаларда қатнашиб, Ватанимиз, ички ишлар органлари шаън-шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда. Жорий йилнинг май  ойида Фарғона вилоятида ўтказилган Осиё чемпионатида қатнашиб ғолибликни қўлга киритди. Кейинги июнь ойида эса Бухоро шаҳрида  қўлжангининг “Комбат-Джиу-су-джитсу” тури бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида биринчи ўрин ғолиби бўлди. Июль ойида эса Қирғизистонда бўлиб ўтган Осиё очиқ чемпионатида ҳам 1–ўринни эгаллаб 38 та дунё давлатлари ичида юртимиз байроғини янада юксак кўтарилишига ҳисса қўшди. Албатта, бу ютуқлар ўз-ўзидан  бўлаётгани йўқ. Унинг ортида машаққатли меҳнат, сабр, чидам ва масъулият бор. Ўз саломатлиги, келажаги устида мунтазам ишлайдиган чемпионимиз хизмат қилаётган соҳасининг ҳам устаси бўлиш лозимлигини англаб, Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт университетини муваффақиятли тамомлади. Унинг келажак орзулари кўп. Ҳаётда, спортда, хизмат соҳасида амалга оширадиган ишлари режаси билан танишсангиз, ундаги ғайрат-шижоат, интилишни кўриб, Ўзбекистонимиз келажаги ишончли қўлларда эканлигига яна бир бор амин бўласиз.

Барча янгиликлар

Text to speech