18 Май 2024 йил 1019

Кечаги шогирд бугун устоз

Бахтиёр Абдуллаев зиёлилар оиласида таваллуд топган. Отаси Роҳатали ака фарзандларининг олий маълумотли, юрт корига ярайдиган, элга наф келтирадиган бўлиб етишиши учун ҳаракат қилди. Уларнинг танлаган касбларига монелик кўрсатмади. 1985-1987 йилларда ҳарбий хизматга чақирилган Бахтиёр Афғонистонда хизмат қилиб қайтгач, унинг ҳуқуқшунос бўлиш ниятини ҳам қўллаб-қувватлади. Ҳалол хизмат қилишни, инсонлар тақдири билан ҳазиллашмасликни уқтирди. Қаҳрамонимиз Тошкент Давлат юридик институтини тугатиб, илк хизматни Юнусобод тумани ИИБ тергов бўлими терговчиси лавозимидан бошлади.

Терговчилик – энг қийин соҳалардан бири. Инсон ҳаётини ҳал қилиш осон иш эмас. Айбдор бўлса-ку бир нав, беайб бўлса-чи? Ҳолатни қонунан тўғри баҳолаш ҳам катта аҳамиятга эга. Ҳар ким қилмишига муносиб жазо олиши керак. Жиноятчи ҳам анойи эмаски, қинғирлигини тан олса.

Қаҳрамонимиз устозлари Рустам Алимбеков, Садриддин Яхшибоевларни катта ҳурмат билан эътироф этади. 

— Мен устозларимдан бениҳоя миннатдорман. Менга сарфлаган вақтлари, берган ўгитларини сира ёдимдан чиқармайман. Зотан, хатоларимни ўз вақтида кўрсатиб, амалий ёрдамларини аяшмаган. Бугунги кунда ўзим ҳам  шогирдларимга билганларимни ўргатаман.

Устозларининг йўл-йўриғига, ўгитларига амал қилган Бахтиёр топширилган ишларни сифатли ва қонуний ҳал қилиши тергов амалиётини тўғри юритиши сабаб тезда раҳбарият эътиборига тушди. Шу бўлимда катта терговчи, ўта муҳим ишлар бўйича катта терговчи лавозимларида меҳнат қилди. Кейинчалик пойтахт туманлари тергов бўлимларида бўлинма бошлиғи лавозимларида ишлади. Айни пайтда Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси лавозимида хизматни давом эттириб келмоқда.

Кейинги пайтларда фирибгарлик жиноятлари  кўпайиб бормоқда. Бу ҳақда оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда узатилаётган огоҳлантиришлар гувоҳлик беради. Подполковник Б.Абдуллаев яқингинада ана шундай жиноятлардан бирини муваффақиятли фош этгани борасида тўхталиб ўтди.

— Ўндан ортиқ эпизоддан иборат бўлган фирибгарлик жиноятини очиб, судга оширишга, жиноят учун жавобгарлик принципи таъминланишига эришдик, - дейди суҳбатдошимиз. – халқимиз соддадил, ишонувчан. Афсуски, баъзи нопок кимсалар уларнинг бу жиҳатларидан ўз нафс йўлида усталик билан фойдаланишади. Айрим расмий ташкилотлардаги ортиқча қоғозбозлик, сансалорлик ҳам одамларни осон ва югур-югурсиз битадиган ишларга рағбатлантиради.

Козим (келтирилган исмлар шартли)  тўрт маротаба  судланишига қарамай, озодликка чиқиши билан яна “эски ҳунари”ни қўмсади. Ҳалол меҳнат қилиш  ўрнига  мўмай пул топиш ҳақида ўйлай бошлади. Бу сафар у аёлларнинг ҳис-туйғуларини нишонга олди. Ўзини алданган, хиёнат қурбонига айланган шахс қилиб кўрсатиб, алалоқибат қармоғига Гулини илинтирди. Турмуши бўлмай ажрашган Гули эҳтиёткорликни ҳам унутиб, измини бутунлай “ишнинг кўзини биладиган, тадбирли, пухта, қатъиятли, мард” аслида эса номард эркакнинг қўлига топшириб қўйди.

Бутунлай ишончга кирганини англаган Козим Гули орқали ота-онасини уйини сотишга кўндирди. Нимамиш, 80 минг долларга харидор топиб, чол-кампирга мўъжазгина ҳовли, ўзларига “дом” оларкан, яна бир “дом”ни ижарага берса, қариялар пулни санаб ётавераркан. Уй сотилиб кетди. Чол-кампирга вақтинча уй топгунча ижарада туришга тўғри келди. Ҳадеганда “дом” ҳам топилмади. Ўзига автомашина олган Козим, ижарага уй топиб, Гулига уйимиз, деб алдади. Кексалар уй сўрашганда уларни бошқа ҳовлига кўчирди, ҳужжат талаб қилганларида яна бир ҳовлига кўчирди. Охирги кўчишда уддабурон куёвга ишонган кексалар ўзлари билмаган ҳолда, қўни-қўшнига куёв бўлмиш арзон уй топиб бериши мумкинлиги ҳақида “реклама”ни кучайтириб юборишганди. Фирибгарнинг бозорини қизитган кексалар уй эгаси ижара ҳаққини сўраб келишганида чув тушганини англашди. Козим эса бу вақтгача қўшниларнинг ҳар биридан 5-10 минг долларгача “заклад” олиб қўйган эди. Ваъдаларни бериб, қорасини кўрсатмагач, жабрланганлар алданганини сезиб, ички ишлар органларига мурожаат қилишди. Энди бу фирибгар судланувчилар курсисида ўтирибди, — деб ҳикоясини якунлади суҳбатдошимиз.

Подполковник Б.Абдуллаев уч нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказди, ҳар бири олий маълумотли, рафиқаси ўқитувчи, олти неваранинг  севимли бобоси. Бугунги кунда бир пайтлар устозларидан ўрганганидек, эндиликда ўзи устоз бўлиб, ёш ходимларга билим ва тажрибаларини ўргатиб, ўгит  ва маслаҳатларини  бериб келмоқда. Чунончи, шогирдларининг ютуғида ўзининг ҳам ҳиссаси борлигидан фахрланишнинг нашидаси ўзгача.

Барча янгиликлар

Text to speech