3 Октябр 2024 йил 589

Касални даволагандан кўра ...

...олди олингани афзал. Бугунги кунда гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар янги – сунъий кимёвий, синтетик , психотроп дори воситалари –кўринишида кўплаб тайёрланаётгани, ишлаб чиқарилаётгани ижтимоий тармоқлар ва бошқа турли йўллар орқали тарқатилиши билан жамиятимизга катта хавф солмоқда. Хавфли жиҳати - заҳри қотилнинг тарқатилиши ва истеъмолига ёшлар ва ўсмирларни ҳам ўргатиш учун бўлаётган уринишлардир. Бу йўлда оғуфурушларнинг ҳар қандай қабиҳликдан тап тортмаётгани хавотирли. Ёшларимизни нафақат юрт келажаги, балки ўз келажагига бефарқлик, ҳаётга қизиқмаслик, интилиш ва иштиёқининг сўнишига, алалоқибат жиноятга бошловчи, умр заволи бўлмиш бу иллатнинг олдини олиш мақсадида, пойтахт ҳудудида жорий йилнинг 20 сентябридан 20 октябрига қадар “Гиёҳвандлик ва психотроп моддаларининг ноқонуний айланмасига қарши кураш ойлиги” эълон қилинганди. Унда мазкур жиноятларга қарши курашнинг олдини олишда аҳоли кенг қатлами ўртасида профилактик-тушунтириш, огоҳлик ва ҳушёрликка чақирувчи тарғибот ишларини амалга ошириш, айниқса, ёшларни соғлом турмуш, соғлом фикрлашга тарғиб қилиш бўйича ўқув даргоҳларида учрашув, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирлар уюштириш режалаштирилган. Шундай тадбирларнинг навбатдагиси: очиқ давра суҳбати Олмазор туманида жойлашган Тошкент давлат техника университетида бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳар ИИББ бўлим бошлиғи Д.Аҳмедов, Олмазор тумани ИИО ФМБ бошлиғи ўринбосари У.Каримов, 4-сонли ИИБ бошлиғи А.Ҳалимовлар иштирок этиб, олий ўқув юрти талабаларига гиёҳвандлик моддалари, ўткир таъсир қилувчи психотроп воситаларининг жамиятимиз равнақи ва юксалиши, инсоният онги ривожланиши учун қанчалар хатарли эканлиги мисоллар орқали тушунтирилди. Шунингдек, уларни тайёрлаш,сотиш, сотиб олиш, сақлаш, ташиш, истеъмол қилиш каби хатти-ҳаракатлар учун қонунда белгиланган жазо чоралари ҳақида иштирокчиларга маълумотлар берилди.


Ойлик доирасида тадбирлар давом эттирилиб, туман ИИО ФМБ 4-сон ИИБ бошлиғи А.Халимов ва соҳавий хизмат масъуллари ҳамкорлигида туманда жойлашган Турин политехника университети талабалари билан очиқ мулоқот ўтказилди. Унда гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласи ва истеъмолининг оғир оқибатлари таъкидлаб ўтилди. Учрашувлар сўнгида маърузачилар талабаларнинг кўплаб саволларига жавоб бердилар. Бу каби профилактик тадбирлар давом этмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech