17 Июл 2024 йил 1258

Йигирма уч ёшида, шунча фириб бошида

        Айримлар кимдандир лафз қилиб омонат олса, то уни эгасига бус-бутун қайтармагунча тинчи йўқолади. Еган-ичганида, юриш-туришида, уйқусида ҳаловат бўлмайди. Аслида олди-бердининг қиймати шунда. Бироқ Элшодбек ёш бўлса-да, виждонини аллақачон шайтонга сотган кўринади. Йўқса, таниши Диёриддинни бир ойга қолмай Cobalt автомашинасини олиб беришга ишонтириб, 13.000 АҚШ долларини  олармиди?! Ишончли чиқиши учун ўз паспортининг нусхаси орқасига тилхат ёзиб берармиди?! Катта-катта ҳарфлар билан “2022 йил 27 октябрь” деб ёзиб, жимжимадор имзосини ҳам қўйишни унутмади. Шу ўринда Диёриддиннинг ҳам қилмишини оқлаб бўлмайди. Фирибгарларнинг фириби ҳақида сира эшитмаган одамдай, шунча пулни  бир бебурднинг паспорт нусхаси-ю, имзосига алмаштирганига ҳайрон қоласан. Расмий дилерлик автосалонлари, банклар орқали автомашиналарни қонуний сотиб олиш имкониятлари бўла туриб, ноқонуний йўл тутгани ажабланарли.


        – Баъзан ортиқча ишонувчанлик, соддалик, ўзгаларнинг имкониятларига юқори баҳо бериш ёки эринчоқлик, ўз зиммасидаги масъулиятни бошқаларга юклаш ана шундай нохуш оқибатларга олиб келади. – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, майор Рустам Жепбиев.– Диёриддин автосалонларга боришга эринганми, ҳужжатлар тўплаб вақтим кетади, деб ўйлаганми, ўз зиммасидаги ишни “осон” ҳал қилувчи Элшодбекка ишониб топширган. Элшодбек эса пул қўлига тушиши билан ваъдасини унутиб, ўз эҳтиёжларини қондириш билан  машғул бўлган. 


          Шу ўринда йигирма уч ёшида ўз танишини алдаб, шунча пулни ҳавога совурган, бирор касбнинг этагидан тутмаган йигитнинг ота-онаси фарзандидан бу пулларни қаёқдан олганлиги ҳақида сўраб-суриштирмагани, қизиқмагани таажжубли.       


        Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди Элшодбекнинг қилмишини қонуний кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. У томонидан етказилган моддий зарар қопланганлигини инобатга олиб, суд унга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, икки йилу олти ойга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.

Барча янгиликлар

Text to speech