Жаҳонда содир этилаётган жиноятларнинг 57 фоизи психофаол моддалар истеъмолчилари ҳиссасига тўғри келади
Бугунги кунда кимёвий қарамликнинг энг тез тарқалиб бораётган тури – бу психофаол моддаларга ружу қўйишдир. Статистик маълумотларга кўра, ҳозирда дунёда 300 миллионга яқин одам гиёҳвандлик иллатига йўлиққан. Уларнинг аксарият қисмини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этмоқда. Гиёҳвандлик оқибатида ҳар йили 600 мингдан ортиқ одам ҳаётдан эрта кўз юмади.
Халқлар ва миллатлар келажагига рахна солувчи ушбу иллат юртимиз ёшларини ҳам четлаб ўтгани йўқ. Мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўп қисмини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Дунёқараши эндигина шаклланиб бораётган, бор куч-ғайратини фақат билим олишга, изланишга, ҳунар ўрганишга сарфлаши керак бўлган ёшларни алдов йўли билан ушбу боши берк кўчага киритувчи шахсларнинг сони кундан-кунга ортиб бормоқда.
Психофаол моддалар – марказий асаб тизимига ўзига хос таъсир кўрсатадиган, мунтазам равишда истеъмол қилганда руҳан ва жисмонан қарамликни юзага келтириши мумкин бўлган, келиб чиқиши табиий ёки синтетик кимёвий моддалардир. Буларга гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, прекурсорлар ҳамда кучли таъсир қилувчи дори воситалари киради. Психофаол моддаларни “савдо”си Интернет тармоқларига кўчиши, унинг янада кенг қамровли “товар”га айланишига, бу эса, ўз навбатида, ушбу моддаларни истеъмолини ва улар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳамда жиноятлар сонини кескин ўсишига олиб келди.
Мамлакатимизда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан психофаол моддалар сотувчи шахсларни аниқлаш ва уларнинг жиноий фаолиятига чек қўйишга қаратилган кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ, шунга қарамасдан оғуфурушлар ноқонуний фаолияти шаклини мунтазам ўзгартириб, янги-янги ёшларни ўз тузоғига илинтирмоқда.
Шу боис, ёшлар билан ишловчи барча давлат ва нодавлат ташкилотлари биргаликда самарали ҳамкорлик қилиб, психофаол моддаларга ружу қўйиш иллатини олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни такомиллаштириши лозим.
Бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида яқин кунларда батафсил маълумот берамиз, бизни кузатиб боринг.