25 Сентябр 2024 йил 782

Ўғирлашга ўғирлади-ю пуллай олмади

        Фирибгарлик ва ўғирлик жиноятлари учун судланиб жазога тортилган Бунёд тавба қилиш ўрнига – муқаддам судланганлик ҳолати бўйича суд ҳукми билан тайинланган жазони тўла ўтамасдан туриб – яна жиноятга қўл урди. Воқеа эса бундай бўлганди.

        Бунёд жорий йилнинг 18 февралида олдиндан таниш бўлган  Икромнинг уйида тунаб қолади. Тонгга яқин уй аъзоларининг уйқуда ётганлигидан фойдаланиб, уй бекаси Дилафрўзнинг ёстиғи тагидаги нархи 13.000.000 сўм бўлган  бир дона “Iphone 13 Pro” телефонини, йўлакда шкаф устида турган “Iphonе 14 Pro” телефони қутисини ўғирлайди. Уни сотиш учун дўконларга кириб тавсия қилганда, сотувчилар телефон қутиси бошқа телефонники эканлигидан шубҳаланиб рад этишади. Режаси амалга ошмаган Бунёд кўчадаги номаълум шахсларга сотишга уринганда улар телефон кодга тушиб қолганлиги сабабли ишлата олмай харид қилишмайди. 

         – Уй аъзолари тонгда телефон йўқлигини билгач, биргина шахс – Бунёддан гумонланиб, Юнусобод тумани ички ишлар органларига мурожаат қилишади. Зудлик билан кўрилган чоралар натижасида Бунёд ашёвий далиллар билан қўлга олинади, – дейди Юнусобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Я.Қаҳрамонов. – Ўғирлик қилаётганида, телефонни сотаман-у ҳам пуллик бўламан, ҳам жазодан қутилиб қоламан, деб ўйлаган Бунёд ашёвий далилдан қандай қутилишни билмай фиғони фалакка чиқиб турганда, ички ишлар ходимлари томонидан ушланди.

           Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди очиқ суд мажлисида 1995 йилда туғилган Бунёднинг қилмиши кўриб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси (“Ўғирлик”) билан айбли деб топилди ва муқаддам судланганлик ҳолати бўйича суд ҳукми билан тайинланган жазони тўлиқ ўтамасдан туриб, қасддан янги жиноят содир этганлиги инобатга олиниб, Жиноят кодексининг 60-моддаси тартибида узил-кесил 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Барча янгиликлар

Text to speech