Адашиш инсонга хос. Ўз хатосини англаб, тўғри йўлни танлаганларга кўмак бериш, қўллаб-қувватлаш орқали жамиятимизнинг тўлақонли фуқаросига айлантириш борасида меҳр-мурувват кўрсатиш инсонийлик намуналаридан биридир. Куни кеча Бектемир тумани ҳокимиятида туман Пробация ҳисобида турувчи 25 нафар назорат остидаги шахсларнинг мурожаатлари туман прокурори, ИИО ФМБ бошлиғи, ҳокимлик вакиллари ҳамда бошқа мутасаддилар иштирокида ўрганиб чиқилди. Ҳалол меҳнат қилиш хоҳишини билдирган уч нафар фуқарога иш ўринлари таклиф этилиб, танлаган касблари бўйича ишга жойлаштирилишида амалий ёрдам кўрсатилди. Тадбиркорлик билан машғул бўлиш ниятида масъуллар ҳамкорлигида тайёрланган бизнес лойиҳаларини тақдим этган икки нафар шахсларга ижтимоий кўмаклашиш бўйича “Дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети” да кўзда тутилган моддий маблағ ажратилишига эришилди. Беш нафари ўз мурожаатлари бўйича берилган ижтимоий ва ҳуқуқий маслаҳатлар ва тавсиялардан қониқиш ҳосил қилдилар. Маълум сабабларга кўра ҳайдовчилик гувоҳномасини йўқотган бир нафар шахснинг мурожаати ўрганиб чиқилиб, ҳайдовчилик гувоҳномасини тиклаш ва олиш бўйича амалий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Жазодан шартли равишда озод қилиш бўйича икки нафар маҳкумнинг мурожаати ўрганилди. Уларнинг оилавий шароитлари, хулқ-атворининг ижобий томонга ўзгарганлиги инобатга олиниб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан шартли равишда озод этилди. Аввал жиноят содир этиб, жазо муддатини ўташ даврида ўз хатоларини англаб, ҳалол меҳнат қилиш, оиласи бағрида яшаш, фарзандларини тарбиялаш, жамиятга фойда келтириш истагида бўлган маҳкумларнинг эзгу мақсадларини қўллаб-қувватлаш жамиятимиз, миллатимизга хос фазилат. Бунинг учун масъуллар ҳамиша камарбаста. Фақат бундай имкониятнинг қадрига етиш, ишончни суиистеъмол қилмаслик керак холос.