18 Июн 2024 йил 1776

Ичкилик – иллат, келтирар – кулфат

2023 йилнинг август ойида Жамолхон таниши Ҳамдамбекни кўчада учратиб қолди. Салом-аликдан сўнг суҳбат оиладаги етишмовчилик, турмуш қийинчиликлари ҳақида кетди.


– Ҳаётга бир марта келамиз. Юринг, бир гурунглашайлик! Менинг ҳам ичимда дардларим кўп, – дея  Жамол Ҳамдамни яқин атрофдаги ошхонага таклиф қилди.


        Йўл-йўлакай икковлон бир шиша спиртли ичимлик харид қилишди. Гарчи ошхонада кўрга ҳассадек катта-катта ҳарфлар билан “Спиртли ичимликлар олиб келиш, ичиш тақиқланади”, деган огоҳлантирувлар бўлишига қарамай,  стол тагидан қуйиб ича бошлашди.  Вақт ўтиб, иккисининг ҳам кайфи ошиб, узун-қисқа бўлиб кўчага чиқишди. Иссиқ таъсир қилдими ёки ичига кирган “шайтон суви” қилмишини бошладими, зумда гапи-гапига тўғри келмай қолди. Жамол уни таом учун пул тўламагани боис пастликда айблади. “Ҳали мен паст бўлдимми? ”, дея Ҳамдам унга ҳезланди. Жамол ёшроқ эмасми чап бериб, юзига мушт туширди. Гандираклаб йиқилган Ҳамдам ўрнидан тура олмаслигига кўзи етиб, унинг оёғини тишлади. Жамол ҳарчанд оёғини тортмасин, чангакдек ёпишган Ҳамдамнинг тишларидан оёғини тортиб ололмасди. Ҳамдам жон-жаҳди билан тишларини унинг оёғига ботирар, Жамол эса ҳарчанд уринмасин суғуриб ололмасди. Жамол ерда ётган ғиштни олиб бор кучи билан Ҳамдамнинг бошига ура кетди. Агарда ён-атрофдагилар уни тўхтатмаганида, тез тиббий ёрдам ва ички ишлар ходимларини чақирмаганида Ҳамдамнинг ҳолига вой эди. Шунга қарамай Ҳамдам бир умрга мажруҳ бўлиб қолди.


         – Ичкилик ҳеч қачон яхшилик олиб келмаган, гарчи энг яқин инсонлар билан ичилганда ҳам, – дейди ушбу жиноят ишини юритган Миробод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими  терговчиси, лейтенант Жавохир Ёқуббоев. – Бу борада тергов амалиётида юритилган аксарият жиноий ишлар гувоҳлик беради. Биринчи қадаҳдан сўнг товусга, кейингиларида маймунга, арслонга ва ниҳоят тўнғизга айланганлик ҳақидаги мисоллар бежизга келтирилмаган.


        Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди Жамолнинг Ҳамдамга ҳаёти учун  хавфли бўлган тан жароҳати етказганлиги бўйича жиноят ишини  кўриб чиқди. У Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддасида (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш”) назарда тутилган жиноятни содир этишда айбли деб топиб,  тўққиз йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.


       Аввалида гурунглашиш, бир-бирларининг кайфиятини кўтариш, маънавий далда бўлиш ниятида бошланган учрашув ҳар иккиси учун ана шундай аянчли тугади.

Барча янгиликлар

Text to speech