Пойтахтимиз ҳудудидаги маҳаллаларда жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар узлуксиз равишда амалга ошириб келинмоқда. Шу йилнинг январь ойида юртбошимиз томонидан қабул қилинган “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорининг ижроси юзасидан пойтахтимизнинг Учтепа тумани раҳбарияти томонидан ишчи гуруҳи штаби ташкил этилган. Мазкур штаб иш фаолиятини унумли олиб бориши учун зарурий техника ва бошқа анжомлар билан таъминланган. Туманда жойлашган 60 та маҳалладаги еттилик ҳамкорлигида йўл хариталари, ўзаро вазифалар тақсимоти тузилиб ишчи гуруҳга тақдим этилган. Маҳаллаларнинг 4 таси ёки 6,6 фоизи “қизил”, 41 таси ёки 68,4 фоизи “сариқ” ва 15 таси ёки 25 фоизи “яшил” тоифа мақомида. Шу давргача криминоген вазияти оғир ҳисобланган 45 та маҳалла тўлиқ ўрганилиб маҳалла еттилиги билан ўқув семинарлари ўтказилди. Ҳудудда жойлашган “Ўрикзор” савдо мажмуасида, “Фарҳод” деҳқон бозорида ўрнатилган видеокамералар Тошкент шаҳар ИИББ рақамлаштириш марказига интеграция қилинди. 46 та савдо ва маиший савдо объектлари техник қўриқловга олиниб, кўп қаватли уйларнинг кириш йўлакларига 45 та "ташвиш" тугмалари ўрнатилган, 102 таси техник қўриқловга олинган. Бу хизматга эҳтиёжни ўрганиш мақсадида Миллий гвардия “Қўриқлаш” хизмати томонидан 587 та объектларнинг ҳолати хатлов қилинди. Шу билан бирга қарор ижроси доирасида 231 та хонадонларда ҳам хатловлар ўтказилди. 3-сектордаги “Ўрикзор” маҳалласида профилактик ҳисобда турган 68 нафар шахслар билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, узоқ муддатга уйидан чиқиб кетган 151 нафар фуқаролар билан онлайн тарзда, уйига қайтган 215 нафар фуқаролар билан бевосита суҳбатлар олиб борилди. Туман ИИО ФМБ раҳбарияти томонидан қарор ижросига ёндашув борасида ҳудудий ҳуқуқ-тартибот идоралари масъуллари ҳузурида 16 марта муҳокамалар бўлиб ўтди. Маҳалла еттилигининг ижтимоий профилактик тадбирларни амалга ошириш бўйича билимларини ошириш мақсадида олтмишдан ортиқ ўқув семинарлари ўтказилиб, 110 та хулосалар ижрога олинди. Маҳалла аҳолисининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга қаратилган: хотин-қизлар, тарбияси оғир ёшлар, пробация ҳисобида турган шахсларни қамраган ҳолда уч юзга яқин тарғибот ишлари олиб борилди. Мактабларда ўтказилган мингдан ортиқ “Давомат”, “Ўқувчи”, “Ўсмир” тадбири давомида 73 нафар узоқ муддатга кетган, 240 нафар мунтазам дарс қолдираётган, 33 нафар ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, 58 нафар боқувчисини йўқотган, 93 нафар тарбияси оғир ўқувчилар аниқланган, 161 нафар ўқувчи мактабга қайтарилди. Шунингдек, криминоген вазияти оғир маҳаллаларда шакллантирилган ижтимоий кўмакка муҳтож хотин-қизларнинг 270 нафарининг рўйхати шакллантирилди ҳамда икки юздан ортиқ хотин-қизларнинг мурожаатларига ечим топилди. Ўрганишлар жараёнида аёлларнинг саломатлиги билан боғлиқ 260 га яқин масалалар ижобий ҳал этилди. Ишсиз аммо ишлаш истагини билдирган 150 нафарга яқин шахслар ижтимоий кўмак реестрига киритилган бўлса, юзга яқин шахслар бандлигини таъминлашнинг амалий чоралари кўрилди. Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга мойил, муқаддам судланган ва маъмурий назоратда бўлган 20 дан ортиқ фуқароларнинг юриш-туриши, хулқ-атворлари ўрганилиб, огоҳлантириш борасида суҳбатлар олиб борилиш билан бирга 5 нафари касбга йўналтирилди, 13 нафарининг бандлиги таъминланди, 3 нафарига ижтимоий ёрдам кўрсатилди. Маҳалла ҳудудида содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар бўйича таъсирчан чоралар кўриш мақсадида, 30 дан ортиғи маҳалла аҳли ўртасида кенг муҳокама ташкил этилди. Таъкидлаш лозимки, бу борадаги ишлар даврий бўлмай, мунтазам равишда пойтахтнинг бошқа туманларида ҳам узлуксиз давом эттирилиб, қарорда кўрсатилган бандлар ижроси ўз ижобий самарасини бериб, шаҳримиз тинч ва осойишта гўшага айланади.