2 Август 2024 йил 1054

“Ҳотамтой” фирибгар

Мираҳмад илгари ҳам фирибгарлик жинояти содир қилганлиги учун бир неча бор озодликдан маҳрум қилинган эди. Панжара ортидаги эркинсизлик, маҳзун ҳаёт умр, турмуш, эмин-эркинлик ҳақидаги тушунчаларини ўзгартирмаган эканки, яна “эски ҳунарини” ишга солди.

У 2022 йилда Олимдан муддатли тўлов асосида 13 ой муддатга “Lacetti” автомашинасини харид қилганди. Таниши Фарҳод автомашина сотиб олиш ниятида эканлигидан хабар топгач, унинг йўлини пойлади. 2023 йилнинг 21 июнида гўёки тасодифан учрашиб қолгандек ўзини кўрсатиб, у ёқ-бу ёқдан гап очиб, ахийри гапни автомашина мавзусига тақади.

— Куни кеча 15 минг АҚШ доллари таклиф қилишганда сотмаган эдим. Майли, сен ўз оғайнимсан, сенга буюрган экан, 14.700 доллар берақол. 300 доллар мендан сенга ҳадя.

— Лекин ҳозирча, 9 минг долларим бор холос...

— Э-э, сени билмасам экан, пул сендан айлансин. Ўртамизда қолиб кетармиди, топганингда бераверасан, – деди Мираҳмад.

Унинг самимий сўзлари шундоқ ҳам пул тополмай қийналаётган Фарҳодга малҳам бўлди. "Топганингда ...", деяпти-ку! Яна ким бундай яхшилик қилади?! Гўёки, пулни сал кечиктириб берса, автомашинадан айриладигандек, Фарҳод  зумда уйига бориб, пулни келтириб берди. Шу-шу машина ғавғоси бошланди. Аввалига вақти йўқлигини баҳона қилиб, бугунни эртага, эртани индинга, индинни ҳафталарга чўзаётган Мираҳмад охири телефоннини кўтармай, уйига борса эшигини очмай қўйди. Фарҳод тушундики, алданибди...

— Нотариал идора орқали олди-сотди шартномаси тузилаётганда ҳисоб-китоб қилинса, тўғри бўлади. Бу ҳақда идора ходими ҳам сўраши шундан. Одам одамга ишониши керак, албатта, аммо ўртада катта миқдордаги пул турганда, эҳтиёткорлик билан қонун доирасида иш кўриш мақсадга мувофиқдир, – дейди Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, подполковник Бахтиёр Абдуллаев. – Агар инсон қалбида имон-эътиқод, инсоф, ҳалоллик бўлмаса, каттами, майдами пулни кўрганида нияти бузилиши тайин. Фирибгарнинг пешонасига “фирибгар”, деб  ёзиб қўйилмаган-ку ахир.

Жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани суди Мираҳмад томонидан содир этилган навбатдаги фирибгарлик жиноятини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди.  ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, етказилган моддий зарар қисман қопланганлигини инобатга олиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 170 баравари миқдорида жарима  тайинлади ҳамда ЖКнинг 73-моддасига асосан ўталмаган  жазо муддатини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил  базавий ҳисоблаш миқдорининг 109,5 баравари, яъни 36.135.000 сўм жарима ва бир йилу етти ой озодликни чеклаш жазосини тайинлади.

Барча янгиликлар

Text to speech