19 Сентябр 2024 йил 868

Ҳар бир мурожаат эътиборда

           Аҳоли билан бевосита мулоқот асносида уларнинг дарду-ташвишлари, қандай ижтимоий, маънавий маиший ёрдамга муҳтожлигини ўрганиш борасида пойтахт ИИББ ва Халқ қабулхоналари билан ҳамкорликда жойларда сайёр қабуллар ўтказиб келинмоқда. Пойтахтимизнинг гуллаб-яшнаши, фуқароларимизнинг эмин-эркин ҳаёт кечириши, ишлаши, ўқиши, тинч-осойишталиги уларнинг  мурожаатлари, муаммо ва  таклифларига кўп жиҳатдан боғлиқлиги боис, юзага келган камчиликларни ўзаро ҳамкорликда бартараф этиб келинмоқда. Куни кеча Тошкент шаҳар 3-сектори раҳбари – пойтахт ИИББ бошлиғи генерал-майор Азиз Ташпулатов томонидан Яккасарой тумани “Конституция” маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр қабул ўтказилди. Унда Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси бошлиғи Тохир Муллажонов ва Яккасарой тумани ҳокими Нилуфар Аллаберганова, шунингдек туман сектор раҳбарлари ва мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.


Қабулда 68 нафар фуқародан тушган мурожаатларнинг 33 таси ижобий ҳал этилди, 12 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб,  22 тасининг ижроси назоратга олинди. Мурожаатларнинг аксарияти  йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш, йўл белгиларини ўрнатиш, субсидия ва кредит олиш, даволаниш учун ордер ажратилиши, ишга кириш, терговга қадар текширув ва жиноят ишларига оид масалаларни ташкил этди. Шу билан бирга, аввалги мурожаатлари ҳал бўлган фуқаролар миннатдорлик билдиргани келишди. Чунончи, “Белариқ” фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи З.Ҳасановага ўз-ўзини банд этиш мақсадида тикув машинаси, фуқаро Н.Мақсутовага эса моноблок ва принтер ажратилгани учун ўз миннатдорликларини изҳор этишди.


Шунингдек,  ижтимоий масалаларга оид мурожаатларнинг 5 таси  жойида кўриб чиқилиб, ижобий ечимини топди. Бундан ташқари  муддатидан олдин озодликка чиқариш масаласида мурожаат қилган пробация ҳисобида турган 9 нафар фуқаронинг  илтимосномалари  қўшимча ўрганиб чиқиш учун қабул қилинди.


Бу каби сайёр қабуллар аҳолининг мурожаатини қисқа муддатда ҳал этилишига ва рози қилишга кўмак бермоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech