19 Ноябр 2024 йил 246

Ҳалол ишлаган хор бўлмас

Мамуржон Ариповнинг йўлларда ҳаракатланаётган транспорт воситалари оқимини тартибга солаётган, ҳаракатланиш қоидаларини бузиб ҳаракатланаётган автомашинани аниқлаб тўхтатаётган йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларининг ҳаракатларини қизиқиб  кузатарди. Бир қараганда текис ҳаракатланаётган автомашина ҳайдовчисининг қоидабузарлик содир этганини қандай аниқлаётганини билишга жуда қизиқарди. Айниқса, Фарғона вилояти Бешариқ тумани ИИБ ЙҲХБ хизматида узоқ йиллар ишлаган майор Давлатжон Жўраевга ҳаваси келарди. Мамуржон мазкур касбга иштиёқ уйғотган бу инсонни ҳали-ҳануз ўзига устоз деб билади. 1995 йилда Республика Қуролли Кучларида ўз йигитлик бурчини ўтаб қайтган Мамуржон Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ (ўша даврлардаги ДАН) да ҳайдовчи лавозимида хизматни бошлади. Ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариб, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишда фаол қатнашган Мамуржон 2000 йилда пойтахт ИИББ ЙҲХБ йўл-патруль хизмати бригадаси 3-батальон, 2-сафарбарлик гуруҳи инспектори лавозимига ўтказилди. Инспекторлар: катта сержантлар Рустам Холматов, Абдумансур Тиллабоевларни ўзига устоз деб билади. Айниқса, 4-отряд командири, подполковник Мавлон Агзамовнинг иш услуби, ходимлар билан муомаласи, илк бор қоидабузарга далолатнома ёзиш, ҳайдовчи билан қандай муомала қилиш, қоидабузарликни қандай тушунтириш ва ҳатто қандай хайрлашишгача бўлган майда-чуйда туюлган  жараённи эринмай ўргатган бу инсонни ўзгача эҳтиром ва миннатдорлик билан тилга олади. Ҳар бир ўтказган йўриқномада, ходимлар олдига аниқ, лўнда, тушунарли талабларни қўя олиши ходимларнинг ҳурмати ва ишончини қозонганини Мамуржон учун катта мактаб бўлганини эътироф этади. 2010 йил кеч куз. Хизмат йўриқномасида аниқ вазифаларни олиб хизматга киришган қаҳрамонимиз Учтепа туманидаги шаҳар ва вилоят чегарасида жойлашган  “Назарбек” йўл-патруль хизмати масканида тунги хизматни олиб бораётганди. Изғирин, шаррос қуяётган ёмғирдан икки метрдан узоқроқ масофани кўриш имкони деярли йўқ. Қора рангли Laсetti автомашинаси – агар чироқлари бўлмаганида тун ва ёмғир пардаси ортидан уни кўриш анча мушкул эди. Тўхтатиб ҳужжатлари сўралганида ҳайдовчи каловланиб, атай вақтни чўзиб, гўёки ҳужжат қидираётгандек тимирскилана бошлади. Аммо моторни ўчирмай, ўнг қўли билан тезлик ричагини қўйиб юбормай турганидан ҳушёр тортган Мамуржон автомашина эшигидан икки қадам ортга тисарилиб, тўппончасини олди ва машина юкхонасини очишни буюрди. Ҳайдовчи “Ака, қариндошларим мош сўраганди, бир қоп мош олиб кетаётгандим. Шундай ҳавода овора қилмай, сизни. Биламан ишингиз қийин. Келинг, мени ҳам овора қилманг, тезроқ уйимга етиб олай", дея юкхонани очишни пайсалга сола бошлади. Машина юкхонасини кўздан кечириш мақсадида эгилмоқчи бўлган Мамуржонни ҳайдовчи тепиб, юкхона эшиги билан сиқиб қўйишга уринди. Бармоғи синишига қарамай Мамуржон ҳайдовчини ерга йиқитди. Юкхона кўздан кечирилганда, 900 граммга яқин гиёҳвандлик моддаси топилди. Орадан кўп ўтмай “Эркин” ЙПХ масканида катта миқдорда гиёҳвандлик моддасини тўхтатиб қолишга эришди. Воқеа эса бундай бўлганди. Тонгги соат 04.00 ларда ВАЗ-2109 автомашинаси тўхтатилди. Автомашина йўловчиси: “Ака, биз Самарқанддан жанозадан келяпмиз. Шошилиб турибмиз, қўйворақолинг. Ундан кўра мана бу Самарқанд нонини олинг-да иссиққина чой билан ичинг!”, дея нон узатди. Мамуржон: “Раҳмат, аввал хизматимизни бажарайлик, нон бўлса қочмас“, дея текширишга киришди. Автомашина салони текширилиб бўлингач, навбат юкхонасига келди. Бироқ ҳеч қандай қонунбузарлик аниқланмади. Мамуржоннинг диққатини автомашинанинг олд қисмига суяниб турган йўловчи тортди. Мамуржон йўловчига нега эгилиб турганини сўраганида у “белим оғрийди, эгилиб юраман, шунга ўрганганман”, деди. Аммо Мамуржонга синчковлиги панд бермади, унинг қўли қалтираётганини сезди ва устки кийимини ечишни сўради. Аниқланишича, йўловчи бир килодан ортиқ гиёҳвандлик моддасини белига белбоғ сингари боғлаб олган экан. Шахсан Мамуржон томонидан бу каби кўплаб жиноятлар очилган. Мисол келтирганларимиз хамир учидан патир.

Сидқидилдан хизматлари, хизматига виждонан ёндашиши, касбига фидойилиги, қонунбузарлар, қоидабузарларга муросасизлиги туфайли у ИИББ раҳбарияти томонидан ташаккурномалар, фахрий ёрлиқлар, пул мукофотлари билан тақдирланиб келинмоқда. Шу йилнинг 25 октябрь Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан катта сержант Мамуржон Арипов Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 1-даражали “ Бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишони билан тақдирланди. Мамуржон мазкур мукофотда биргаликда хизмат олиб бораётган касбдошлари, соҳа ходимларининг ҳам хизматлари борлигини эътироф этган ҳолда, бу зиммасига янада катта масъулият юклашини таъкидлайди.

Барча янгиликлар

Text to speech