16 Ноябр 2024 йил 452

Фирибгарнинг баҳонаси

Ёшлигидан меҳнатда суяги қотмаган Шерзод улғайиб ҳам ишёқмас, дангасалигини ташламади. Кунлик ёлланма ишни ҳам қойиллатиб қўйган жойи йўқ. Фикри-зикри белини букмай пул топиш, топганини ўша куниёқ жиғилдонига уриш. Ҳар ким феъли, ниятига яраша олади, деганларидек, мўмай даромад топишни ният қилган Шерзод фирибгарликка қўл уриб 5 маротаба суднинг қора курсисига ўтиришига тўғри келди. Охирги қамалишида 2023 йили озодлик юзини кўрди. Бироқ бу ҳам унга сабоқ бўлмади. Орадан бир неча ой ўтиб, тавбасига таянмаган Шерзод, 2023 йилнинг август ойида телеграм мессенжеридаги “Талабаларга ижарага квартира” гуруҳига кириб, метронинг “Тошкент” бекатидаги кўп қаватли уйларнинг бирида, аслида мавжуд бўлмаган 2 хонали хонадонни 240 АҚШ долларига ижарага бериши ҳақида эълон киритди. Унинг қармоғига Х.Ашурали илинди. Шерзод бошланғич тўловига бир миллион сўм берса,  икки кундан сўнг хонани бўшатиб беришига ишонтирди. Ашурали  пули тайёрлигини айтди. Шерзод қаерга келиб, кимга пул бериб юборишини тушунтирди ва таниши Каримга бир одам ундан қарздорлигини, ҳозир вақти йўқлигини, айтилган манзилдан пулни келтириб беришини илтимос қилди. Карим келишилган жойда Ашурали билан учрашиб, бирон бир савол-жавобсиз пулни олди-ю, Шерзодга элтиб берди. Шерзод пулни олдиндан таниш-билишларидан олган қарзларига тўлайди. Ашурали икки кун ўтиб, ундан кейин ҳам Шеродга қўнғироқ қилиб уни топа олмайди. Алданганини билгач, Янгиҳаёт тумани ички ишлар органларига мурожаат этади.

— Муқаддам беш маротаба фирибгарлиги учун судланган Шерзод маҳалла профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси томонидан таклиф қилинган бирор ишга бўйни ёр бермаган, – дейди Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Отамурод Турсунпўлатов, – Фирибгарликни ўзига касб қилиб олган Шерзодга ҳалол меҳнат қилиш фикри бегона. Қилмишини эса “урмасам, сўкмасам, ўзлари ўз ихтиёрлари билан беришади, сўраб-суриштирмаса, айб мендамас”, деб оқлаганига нима дейсиз?!

Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман суди очиқ суд мажлисида Н.Шерзоднинг қилмишини кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Унинг айбига тўла иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлиги, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги, енгилроқ жазо беришини сўраганлиги инобатга олиниб, Шерзод иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди.


Барча янгиликлар

Text to speech