Ички ишлар вазирлиги тизимларида давом этаётган “Ёшлар ҳафталиги-2024” доирасида республиканинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган бир гуруҳ ёш ходимлар Тошкент шаҳар ИИББ фаолияти билан яқиндан танишдилар. Дастлаб улар бошқарманинг Ахборот мультимедия маркази фаолияти, унинг моддий-техник имкониятлари, жиҳозланиши, аҳоли мурожаатларига тезкор муносабат билдириш, пойтахт аҳолисини ички ишлар шахсий таркибининг жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлари билан танишди. Марказ томонидан фуқароларни огоҳликка чақириш борасидаги ишлар, иш услублари ҳақида маълумотларга эга бўлиш баробарида, ёш ходимлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олишди. Сўнгра улар Бош бошқарманинг Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизматида бўлиб, у ерда ташкил этилган “Ватанпарварлик бурчаги” ва хизматларга номзодларни қабул қилиш тартиби борасида яратилган электрон дастурнинг ишлаш тизими тафсилотларидан хабардор бўлишди. Шунингдек, Ягона тезкор бошқарув марказига ташрифи чоғида марказнинг жиноятчиликни “иссиқ изидан” фош этиш, ҳуқуқбузарликларни олдини олишнинг амалий имкониятлари, илғор технологиялардан самарали фойдаланиш услублари, тезкорликни таъминлаш жараёнлари билан танишдилар. Ташриф охирида Бошқарма қошида ташкил этилган “Шон-шараф” музейида бўлишиб, ундаги илк хизматга оид буюмлар, воситалар, таркибий ва ҳудудий бўлинмаларига тегишли осори-атиқаларни қизиқиб томоша қилишгач, хизмат вазифасини бажариш чоғида мардона ҳалок бўлганлар хотирасига ўрнатилган хотира монументи пойига гуллар қўйишиб, ўз ҳурмат ва эҳтиромларини намойиш этдилар.
Ёшлар ҳафталиги доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.