30 Октябр 2024 йил 407

Дўконни бўшат, ошхонани жиҳозла!

Отанг бозор, онанг бозор, деган  нақлга амал қилган Баҳром Учтепа туманидаги бозорлардан бирига борди. Ошхона анжомлари сотиладиган дўконга кириб ул-бул нарсалар харид қилди. Бир неча кунни ўтказиб айнан яна шу дўконга кирди. Бир кўрган таниш, икки кўрган билиш, деганларидек, сотувчи билан салом-алик қилди ва айрим нарсаларнинг нимага қандай ишлатилиши ҳақида сўради, танишди, суҳбатлашди. Орада бир неча марта фалон куни пулини олиб келиб беришни лафз қилиб нарсалар харид қилди. Лафзида турмак, марднинг иши дегандек, лафзида турди. Ваъда берганидек, айтилган куни, айтилган вақтдан бир дақиқа ўтказмай пулини келтириб топширди. Сотувчи кўз ўнгида ҳурмат қозонди. Шундай қилиб сотувчи – Саидбакирнинг ишончига кирди.  2023 йилнинг 7 октябрь куни дўконга кириб келганида Саидбакир уни қадрдонидек қабул қилди. Баҳром сездики, у сотувчининг ишончли мижозлари қаторидан жой олган. Қуюқ салом-аликдан сўнг Баҳром хўжайини – узр, “қаҳрамонимиз” ўзини катта бир ошхона бошқарувчисиман, деб таништирганини айтишни унутибмиз, – янги ошхона очаётгани, унга зарур буюмларни харид қилишни ишониб топширганини, у эса Саидбакирга ишонгани учун ўйлаб ўтирмай шу дўконга қора тортиб келганини айтганида, Саидбакирнинг қувонганини кўрганингизда эди. Ахир у оз эмас, кўп эмас нақ дўконни бўшатиб, 9.605 АҚШ долларлик ошхона жиҳозларини харид қилаётганди. Унинг ичида чўмичдан тортиб, музлатгичгача бор эди. Пулини 22 октябрь кунидан бир кун ва бир соат ҳам кечиктирмай келтириб беришга лафз қилганида Саидбакирнинг бунга заррача гумони йўқ эди.

— Худди шу усулда у бозордаги яна бир дўкондорни лақиллатган, – дейди Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, майор Диас Абдуллаев. – Дўкондор Қ.Ниғматуллани ҳам шу йўсинда ишончига кириб, 9 октябрь куни ундан янги очилаётган ошхона учун деб, 100.000.000 сўмлик  жиҳозларни машинага ортиб кетади. Уларни қай бирини ижтимоий тармоқлар орқали, қай бирини танимаган тасодифий шахсларга арзонроқ нархда пуллаб юборади.

Жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани суди 1998 йилда туғилган Баҳромнинг қилмишларини қонунан кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси, 3-қисми “а”, “Б” бандлари (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Айбланувчининг илгари судланмаганлиги, пушаймонлиги, етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлигини инобатга олиниб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди.


Барча янгиликлар

Text to speech