17 Апрел 2024 йил 1049

Диққат марказида ёшлар

Бугунги кунда дунёда рўй бераётган воқеалар ҳеч кимни бефарқ қолдирмаяпти. Мазкур ҳолатлар жамиятимизни, айниқса, келажагимизни яратувчи ёшларимизнинг онгу шуурини тўғри шакллантиришни, азалий қадриятларимизга содиқлик руҳида тарбиялашни тақозо этмоқда. Ёшларимизни миллатимизга ёт бўлган турли туман ақидаю ғоялардан ҳимоя қилиш, ўз вақтида нопок йўллардан қайтариш биз катталар,уларнинг тарбиясига масъулларнинг бурчидир.

Тошкент шаҳар Олмазор тумани “Зиё” маҳалласида жойлашган Глиэр номли ихтисослаштирилган академик лицейда “Огоҳлик давр талаби” ғояси остида ўтказилган тадбирнинг асосий мақсадлари айнан шундан иборат. Унда ИИВ Академияси профессори полковник Ш.Мамадалиев, пойтахт ИИББ ЙҲХБ масъул ходимлари, маҳалла раислари, фаоллари, ўқув муассасаси ўқитувчи ҳамда ўқувчилари иштирок этишди. Тадбир иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Сўзга чиққанлар ўқувчиларнинг кўплаб саволларига жавоб бердилар. Тадбир бу каби учрашувларни мунтазам равишда ўтказиш, ёшларнинг ҳуқуқий билим ва савияларини изчил бойитиб бориш лозимлигини кўрсатди.

Худди шундай тадбир пойтахтнинг Олмазор туманида жойлашган Молия академик лицейида ҳам бўлиб ўтди. Унда ИИВ Академияси Тезкор қидирув кафедраси катта ўқитувчиси, майор т.Машарипов ва капитан О.Ўринов, туман бошқармаси масъул ходимлари, ўқув даргоҳи ўқитувчи ва ўқувчилари – жами икки юз нафардан ортиқ киши иштирок этди. Қатнашчилар маърузачиларнинг чиқишларини катта қизиқиш ва диққат билан эшитишди. Тадбир сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларига аниқ ва тўлиқ жавоблар олишди.

Барча янгиликлар

Text to speech