13 Август 2024 йил 1145

Бозордан тўғри ҳибсхонага

        2021 йил 5 август куни соат 14.00 ларда Дилшод “Фарҳод” бозорига рўзғорга майда-чуйда харид қилиш ниятида борганди. Маҳсулотларнинг нарх-навосини сўраб-суриштириб, бозор айлана бошлади. Ҳали бирор нарса харид қилмай туриб, расталар оралаб юраркан, ўзидан анча ёшроқ бўлган йигит уни бехосдан туртиб юборди. Йигит ундан узр сўради. Аммо Дилшод:


       – Узрингни пишириб е, кўзинг кўрми, э, сени ... – дея йигитга қаттиқ гапирди.


       Унинг кейинги гапларини яхши англамаган йигит ҳам индамай кетаверса бўларди-ю, аммо :


      – Ака, узр сўрадим-ку! – дея гап қайтарди. Бу Дилшодга масхараомуз туюлди ва ўртада жанжал чиқди.


       Сўзлар “жанги” қўл “жанги” билан алмашди. Дилшод Алишернинг юз ва кўкрак қисмларига кетма-кет мушт тушира кетди. Зумда муштлашув атрофига  одамлар тўплана бошлади. Чақириққа етиб келган ички ишлар органлари ходимлари ерда думалаб муштлашаётган Дилшод ва Алишерларни ажратиб олишди.     


        – Кичик бир ҳаракат туфайли икки кишининг ҳаёти ўзгариб кетди. Фарзандлар бир йил, икки йил оталари меҳрисиз  улғайишади, – дейди Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант А.Раҳматов. – Агарда иккиси худбинлиги, такаббурлигини намойиш қилмай, бир-бирининг узрини қабул қилганида, оиласи бағрида тинч-тотув яшаб, ўзлари севган машғулотлар билан банд бўлишган, инон-ихтиёрлари, эрки  ўзида ҳаёт  кечиришган бўлишарди.


       Жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани суди  томонидан Дилшод Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси, 2-қисми билан айбдор деб топилиб, 57- моддани қўллаган ҳолда, икки йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди.


       Жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани суди томонидан Алишер Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси, 3-қисмида тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилди ва 57-модда қўлланиб, бир йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Барча янгиликлар

Text to speech