... бировданмас ўзингдан кўр”, деган мақолни лавҳамиз қаҳрамони эшитмаган кўринади. Нега бундай деяётганимизга унинг қилмишларини мисол келтириш кифоя. Мурод юртимизнинг узоқ вилоятидан пойтахтга ишлагани келди. Қўлида ҳунари бўлмаган йигит таниш-билишларининг кўмагида автомашиналарга хизмат кўрсатувчи автосервис усталарига шогирдликка тушди. Кўплаб устозларни кўрди, сабаби – унинг фикрича устозлари касб сирларини яшириб, астойдил ўргатмаганлиги эди. Уч йил ичида йигирмадан ортиқ устоз кўрган, назарида осон туюлган “электриклик” касбини чалакам-чатти ўрганган Мурод 2024 йилнинг бошида таниши С.Темурни учратиб қолди. Муроднинг гапларидан уни профессионал электрик деб ўйлаган Темур биргаликда автосервис очиш ҳақидаги гапларига учиб, ижарага жой олди. Аммо ҳамкори ярим йил ҳам ўтмай унинг “профессионаллиги” туриб турган ёлғонлиги, аслида ношуд ва нўноқлиги, майдагаплигини билгач орада жанжал чиқди. Чунки, кўплаб мижозлар унинг иши тугул муомаласидан ҳам норозилик билдириб, ҳатто муштлашишгача борганди. Мурод қўл силтаб, унинг қадрига етмаган бу ишхонани ҳам тарк этди. Бу ҳунар орқали ҳеч бир ишхонада – аслида ҳафсаласизлиги, тирноқ остидан кир қидириши, баъдфеъллиги сабаб – ишлай олмаслигига кўзи етган Мурод 2024 йилнинг 13 май куни аввал ишлаб кетган Янгиҳаёт туманидаги автосервисга борди. Иш Қизғин, усталарнинг қўл-қўлига тегмайди. Т.Валишер билан саломлашгач, унинг ўта бандлигини кўриб, бир оз гапга солди. Иш билан чалғиганидан фойдаланиб, нархи 1000 АҚШ доллари бўлган “Asus” компьютер қурилмаси, нархи 750 АҚШ долларилик бир дона “Scanmatik” ускунаси, нархи 800 АҚШ доллари бўлган автомашиналарга дастур ўрнатишда фойдаланадиган “CombiLoader” қурилмаси, жами 2.550 АҚШ долларилик қурилмаларни ўмариб, кўздан ғойиб бўлди. У ўз жиноий ҳаракатларини давом эттириб, эртаси куни яна бир автосервисга йўл олди. Эски танишлари билан салом-алик қилиб, иш сўраган бўлди. Баҳонада қулай вақт пойлаб, М.Бобуржонга тегишли бўлган автомашиналарнинг газ босимини ўлчайдиган, нархи 100 АҚШ доллари бўлган “газ кабели”, 3.500 АҚШ долларилик “Dell” дастурловчи компьютер ускунаси, 750 АҚШ долларилик “Scanmatik” қурилмаси, жами 4.350 АҚШ долларилик анжомларни ўғирлаб кетди.
— Ишчилар буюмларни ва ўғрини тезда аниқлашди, – дейди Янгиҳаёт туман ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Муҳаммад Худойназаров. – Мурод ҳам айбига иқрор бўлди. Аслида ўғирлик қилиш фикри бўлмаганлиги, аммо собиқ ҳамкасбларининг ўз ишларини сидқидилдан бажараётгани, берилиб ишлаётганини кўргач, ҳасади келганлиги, ўзини гўёки камситилгандек ҳис этгани учун қурилмаларни ўғирлаганини тан олди. Бир сўз билан айтганда, у ўз омадсизлигида айбни ўзидан қидириш ўрнига бегоналарни айблашни маъқул кўрди.
Жиноят ишлари бўйича Янгҳаёт туман суди очиқ суд мажлисида 1999 йилда туғилган, оилали, муқаддам судланмаган А.Муроднинг жиноий хатти-ҳаракатларини қонунан кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси, 3-қисми “а” банди (“Ўғирлик”) билан айбли деб топди. Жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаганлиги, уларнинг моддий ва маънавий даъвоси йўқлиги, ярашганлиги, айбига тўлиқ иқрорлиги, оиланинг ягона боқувчиси эканлиги, ота-онасининг оғир хасталигини инобатга олиб, кодекснинг 57-моддасини қўллаб, 3 йилга озодликни чеклаш жазосини тайинлади.