Болалар – ниҳол. Қайга бурсанг, шу томонга эгилади, қаттиқроқ эгсанг синади. Меҳр-муҳаббат, яқинлари ардоғида ўсган фарзанд билан камситиш, хўрлик ва зўравонлик остида улғайган фарзанднинг фарқи жуда катта. Болаларни салбий муҳитдан, тазйиқ ва зўравонликдан асраш бўйича республикамизда кўплаб тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Куни кеча Тошкент шаҳрида болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси, ишчи гуруҳ раҳбари О.Қозихонова, мазкур қўмитада доимий асосда ишловчи сенатор М.Кадирханова, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Л.Файзимуродова, Олий мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) котибият сектор мудири З.Эргашев, Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати катта инспектори, майор Ж.Қутлимуродов, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази бўлим бошлиғи А.Бекпулатов, Миллий гвардия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Д.Худайберганова, Ўзбекистон болалар ташкилоти бошқарув Кенгаши раиси, Ёшлар парламент аъзоси ва Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси котибияти бош маслаҳатчиси Ф. Анорбоевлардан иборат гуруҳ пойтахт ИИББ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш Марказига ташриф буюришди. Марказ бошлиғи, подполковник К.Завкиев ҳамда марказ психологи К.Касимовалар ташриф буюрган ишчи гуруҳ раҳбар ва аъзоларига маскан фаолияти, кун тартиби, амалга оширилган ишлар бўйича батафсил маълумотлар беришди. Маскан ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи слайд ҳамда босқичли тадбирлар намойиш этилди.
Йиғилиш иштирокчилари болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш борасидаги ўз фикр-мулоҳазалари билан бўлишиш баробарида айрим ташкилотлар томонидан бу борада йўл қўйилаётган қатор камчилик ва нуқсонларга эътиборни қаратиш орқали танқидий баҳо бердилар. Шунингдек, бахтли болаликни таъминлаш, уларни тазйиқ ва зўравонликнинг ҳар қандай кўринишларидан асраш ва ҳимоя қилишга қаратилган ишлар самарадорлигини ошириш бўйича мутасадди ташкилотлар ҳамда масъуллар томонидан тегишли таклиф ва тадбирлар ишлаб чиқиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.