7 Ноябр 2024 йил 461

“Бир йигитнинг аслин билай десангиз...”

Сардорбек ижтимоий тармоқлар орқали Яхшигина иш топди. Ахир 18 ёшга тўлган  йигитчани шаҳардаги номи чиққан масъулияти чекланган жамиятга ишчи қилиб олишади-ю қувонмасинми? Корхона раҳбарининг ўзи у билан суҳбатлашиб, яхши оила фарзанди эканлигига, виждонли ва тўғрилигига амин бўлди. Ишларида муваффақиятлар тилади. Сардорбек сидқидилдан ишлай бошлади. Иши оғир эмас, ҳеч ким босим ҳам ўтказмайди. Билиб-билиб ишини қилади, маоши ҳам тузуккина. Ёши катталарнинг унча-мунча хизматларини оғринмай бажариб, тез орада корхонада ҳурмат қозонди. Айримлар “киройи ўғлинг бўлса, шундай бўлса-да” дея  ҳавас билан ортидан қараб қолишарди. Қўл-оёғи чаққон, ҳалол, ишчан, диёнатли йигит раҳбариятнинг ҳам эътиборига тушди. 2022 йилнинг августида иш бошлаган қаҳрамонимиз хушмуомалалиги, серғайрат ва меҳнаткашлиги боис бир йил ҳам ўтмай 2023 йилнинг май ойида сотув бўлими раҳбари – менежер бўлиб тайинланди. Шу-шу мақтаган  йигитимиз босар-тусарини билмай қолди. Мазкур корхонанинг маҳсулотлари харидоргир ва мижозлари кўплиги, маҳсулотларнинг “хўжайинига” (хоҳласа маҳсулотларни беради, хоҳламаса “йўқ” дейди) айланган Сардорбек бу вазиятдан фойдаланиб қолишни режалаштирди. Бир-икки сафар мижозларни алдаб маҳсулот нархини атай ошириб сотди. Бу раҳбарнинг қулоғига етиб борди. Раҳбарлик фақат ишни ташкил этиши, маҳсулотлар сифати ва таъминоти билан шуғулланиш эмаслиги, қўл остидаги ишчи-ходимларнинг тарбиясига ҳам масъуллигини англаган корхона раҳбари Сардорбекнинг ёшлигини ҳисобга олиб унинг отасини суҳбатга чақирди. Вазиятни тушунтирди, биргаликда Сардорбекни тарбиялашга келишилди. Отаси ўғлини назорат қилишни бўйнига олди. Кўп ўтмай  жамият раҳбари янги шартномалар тузиш мақсадида хорижга йўл олди. Сардорбек буни ўзича тушунди – корхонанинг соядаги  хўжайини ҳис қилди шекилли ўзини – ва мижозлар маҳсулот учун тўлаган ва ўтказган пулларни корхона ҳисоб-рақамига кирим қилмай, етмаганига уларни қарздорлар китобига киритиб, ўз эҳтиёжларига ишлата бошлади. Ўртоқларини қиммат ресторанларга таклиф қилди, қиммат уяли телефон сотиб олди ва бошқа кўнгилочар масканлар, тунги клубларга тез-тез ташриф буюрадиган бўлди. Ота-онасига эса иш кўпайиб кетганлиги, вилоятлардан келадиган мижозларни кутиб қолганлиги ва бошқа баҳоналар билан алдаб келди. Раҳбар сафардан қайтгани ҳамон ҳисоб-китобга қизиқди. Сардорбек уялмай-нетмай маҳсулотларга ҳеч ким қизиқмаётгани, мижозлар бошқа корхоналарнинг маҳсулотларини харид қилаётгани, олаётганлари ҳам қарзга олаётганини айтиб қарз китобини олиб келиб кўрсатди. Раҳбар қарздорларга қўнғироқ қилиб бу ҳақда сўраганида, улар табиийки, маҳсулотларга ортиғи билан  пул тўлаганларини, пулини тўлаб ҳам молини олиб кетолмаётгани, узоқ вақт навбатда кутиб қолаётганларини эшитган раҳбарнинг ҳолатини ўзингиз тасаввур қилаверинг. Мақтаган менежеримиз июнь ойидан ноябрь ойигача мижозларнинг 475.168.000 сўм пулларини еб-ичиб, кайфу сафо қилиб, ўнгга-чапга бебилиска ишлатиб юборгани маълум бўлди.

— Сардорбек ўртоқлари олдида мақтаниш истагида бўлар-бўлмас нарсалар, керак-кераксиз буюмларга пул сарф қилиб, охирини ўйламаганлиги оқибатида, ота-онасини ҳам уятга қўйди, ҳам моддий аҳволини оғирлаштирди,– дейди Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, капитан Шохруҳ Исаев. – Фарзанди экан, ота-онаси унинг камомадини тўлаб, енгилроқ жазо беришни илтимос қилишди суддан.

Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди очиқ суд мажлисида 2004 йилда туғилган Сардорбекнинг қилмишини кўриб чиқиб, уни қилмишидан пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлиги, етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлигини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди (“Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш”) билан айбли деб топиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, 2 йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди.


Барча янгиликлар

Text to speech