Нургали Ташимов Яшнобод тумани ички ишлар органларида иш бошлашдан аввал пойтахтимизнинг Авиасозлар касб-ҳунар коллежида ёшларга таълим бериб келди. Ёшлар билан тезда тил топишиб, ўқитувчи-педагоглар ва ўқувчиларнинг ҳурматини қозонди. Уч йилдан ортиқроқ педагоглик тажрибаси билан 2012 йилда Яшнобод тумани ИИО ФМБ профилактика инспектори лавозимида иш бошлади. Подполковниклар, бўлим бошлиғи Ўткир Гулматов, катта инспектор Улуғбек Бадаловдан ўқувчи сингари соҳанинг сир-асрорларини қунт билан ўрганди. Аҳолиси беш мингдан ортиқни ташкил этган туманнинг “Ватандош” маҳалласига бириктирилган Нургали маҳалла аҳлининг тинчлик-осойишталигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда устозларидан ўрганган иш услубларидан самарали фойдаланди. Маҳалла фаоллари, мутасадди ташкилотлар, ҳомийларнинг бошини бириктириб, маҳалла аҳлининг яшаш шарт-шароитларини яхшилаш, бандлигини таъминлаш, ёшларни турли тўгаракларга жалб этиш, маҳаллада жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ишларига йўналтирди. Бу борадаги тарғибот ишларининг кўламини жадаллаштирди.Йилдан йилга тажрибаси ортиб, ўзи ҳам шогирдлар етиштира бошлади. Бугунги кунда майор Нургали Ташимов пойтахтимизнинг Яшнобод тумани ИИО ФМБ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларнинг олдини олиш бўлинмаси бошлиғи лавозимида фаолият юритмоқда. Унинг ушбу соҳада фаолият юритаётганига кўп бўлгани йўқ. Бироқ иш кўрсаткичлари ҳақида ижобий фикрлар билдириш мумкин. Маълумки, бугунги ахборот технологияларининг ҳаётимизга шиддат билан кириб келиши, аксарият соҳаларнинг рақамлаштирилиши билан қатор муаммолар ҳам пайдо бўлмоқда. Фуқароларнинг киберхавфсизлигини таъминлаш, кибергигиена тизимини яратиш учун доимо изланиш, фан-техника имкониятларини ривожлантириш талаб этилмоқда. Ҳикоямиз қаҳрамони Нургали ҳам мазкур хизматда фаолият юритар экан, янги турдаги жиноятларни очиш учун янги кураш услубларини ишлаб чиқиш, бунинг учун эса дунё тажрибаларини мунтазам ўрганиб бориш лозимлигини таъкидлайди.
– Ҳар бир шахс, айниқса ёшларимизда бу соҳадаги жиноятларга қарши иммунитетни шакллантириш лозим, – дейди майор Нургали Ташимов. – Биз ходимлар кибержиноятчилардан бир қадам эмас, балки бир неча қадам олдинда юришимиз керак. Бу биринчидан, кибержиноятчиликнинг олдини олиш, иккинчидан, уларнинг кенг тарқалишига барҳам бериш, учинчидан тезкор аниқлаб, жиноятга жазо муқаррарлигини таъминлаш имконини беради. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бугунги кунда интернет тармоқларида турли ҳаволалар, веб-сайтлар кўпайиб, контентлар кўп ҳолларда тўсиқсиз бериб борилмоқда. Ҳали онги шаклланмаган ёшларнинг ўзига керакли, фойдали бўлган ахборотларни саралаб олишга ўргатиш, кибергигиена тизимини шакллантириш ўта муҳимдир. Нургали Ташимов фаолият олиб бораётган соҳа айнан кибержиноятларнинг олдини олиш, интернет фойдаланувчиларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш кабиларни амалга ошириб келмоқда. Ҳимояланишнинг асоси эса ҳушёрлик ва бу борадаги билимларни кучайтиришдир.