16 Январ 2025 йил 265

Бир кунда икки жиноят

Бектемир тумани ИИО ФМБга ариза билан мурожаат қилган 2005 йилда туғилган М.Асилбек ўз таниши томонидан 6 000 000 сўмлик “Redmi Note 11 PRO” уяли телефонидан айрилганини маълум қилди. Унинг баён қилишича, 2023 йилнинг 18 апрель куни у таниши 1990 йилда туғилган С.Давронбекни учратиб қолади. Бир оз суҳбатлашиб тургач, Давронбек унинг қўлидаги телефонини кўриб, зарур қўнғироқ қилиш учун сўрайди. Қўлига 30 000 сўм бериб, яқинроқдаги дўкондан яхна ичимлик олиб келишга юборади. Асилбек дўкондан қайтгач, уни топа олмайди.

— Худди шу куннинг ўзида соат 20.00 ларга яқин С.Давронбек тумандаги Тошкент йўли кўчасида Х.Бахтиёр томонидан қаровсиз қолдирилган электроскутердан нархи 2 000 000 сўм бўлган “Redmi Note 9” телефонини ўғирлаб воқеа жойидан яширинади, – дейди Бектемир тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, майор Тоҳир Усмонов. – Жабрланувчининг тезкорлик билан ички ишлар органларига мурожаат қилиши натижасида Давронбек уяли телефонларни сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Муқаддам ўғирлик жинояти содир қилиб судланган Давронбек қилмишларини тан олди.

Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди очиқ суд мажлисида С.Давронбекнинг қилмишини кўриб чиқди ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (“Фирибгарлик”) ва 169-моддаси 3-қисми “а” банди (“Ўғирлик”) билан айбли деб топди. Унинг пушаймонлиги, етказилган зарарни қоплаганлиги, икки нафар вояга етмаган фарзанди борлигини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, 1 йил ахлоқ тузатиш ишлари тайинланди. Шунингдек, Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Жиноят кодексининг 59, 61-моддалари тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташлик учун унга 5 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Барча янгиликлар

Text to speech