18 Июн 2024 йил 983

Билса –ҳазил, билмаса-чи...

         Пойтахтимиз жуда гўзал. Ҳатто қиш фаслида ҳам. Шаҳри азимни шунчаки айланиб, диққатга сазовор жойларини томоша қилиш учун нафақат хориждан, балки бошқа вилоятлардан ҳам кўплаб меҳмонлар келишади. Ислом билан Жумабой ҳам Тошкент шаҳрини айланиш учун ташриф буюрган меҳмонлардан. Ўтган йилнинг декабрида пойтахтни айлангани, шу баҳона янги кинофильмларни томоша қилгани келган икки дўст шомгача шаҳар айланиб, ҳориб-толиб меҳмонхонага қайтишди. Эшикни ҳам қулфламай уйқуга кетишди. Тонгда уйғонган Ислом ёстиғи тагига қўйган  “Samsung 9 А” телефонини топа олмай ўртоғи Жумабойни уйғотди. 


      – Ўртоқ ҳазиллашма, телефонимни қайтар, уйга қўнғироқ қилмоқчиман, – деди Ислом.


      – Нималар деяпсан, ўша ухлаганим бўйича энди кўзимни очдим-ку! Уйғотмасанг, ҳалиям ухлаган бўлардим.  Тўхта, ҳозир  телефонинга қўнғироқ қиламан.


      Жумабой телефонини қидира бошлади. Аммо унинг ҳам телефони йўқ эди.  Улар Чилонзор тумани ички ишлар идораларига  телефон ўғирлиги бўйича мурожаат қилишди.  Бу вақтда уларнинг телефонини ўғирлаган Рустам  аллақачон телефонлардан бирини 1 миллион 600 сўмга сотиб юборганди.


         Чилонзор тумани ички ишлар органи ходимлари учун Рустамнинг изига тушиш қийин кечмади. Тергов жараёнида Рустам тунги соат 01.30да меҳмонхонага кириб, эшикнинг қулфланмаганлигидан фойдаланиб ичкарига йўл олади. Икки йигитнинг қаттиқ уйқуда ётганлигидан фойдаланиб уяли телефонларини ўғирлайди.


         – Терговда Рустам Тошкентга иш қидириб келганлигини, Меҳмонхонага жойлашмоқчи бўлиб у ерда маъмуриятдан ҳеч кимни топа олмай, хоналарни кўздан кечираётганида кўзи ухлаб ётган икки йигитларга тушганини, ҳазиллашиб телефонларини олиб қўйганлигини айтиб, ўзини оқлашга уринди, – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, майор Камолиддин Нарзиев. – Ҳазиллашган одам эртами кечми олган нарсаларини қайтаради, номаълум шахсларга сотиб юбормайди. Иккинчидан, мутлақо таниш бўлмаган шахслар билан  қандай ҳазиллашиш мумкин. Тергов жараёнида Рустам илгари икки марта ўғирлик жинояти учун судланганлиги аниқланган.


Рустамнинг қилмиши Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси (“Ўғирлик”) билан малакаланиб, жиноят иши айблов хулосаси билан судга юборилди.


         Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди томонидан Рустамга уч йилу олти ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Зора бу вақт ичида Рустам ким билан қандай ҳазиллашиш мумкинлигини тушуниб олса.

Барча янгиликлар

Text to speech