24 Сентябр 2024 йил 675

Билимли кадрлар – ҳал қилувчи куч

       Дилшод Якубжанов Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафидан қайтгач, ИИВ Академияси Сержантлар таркибини тайёрлаш олий курсларига ҳужжатларини топширди. Узоқ йиллар ички ишлар идораларида сидқидилдан хизмат қилиб нафақага чиққан отаси Шарифжон ака ўғлининг бу қарорини қўллаб-қувватлади. 2012 йили Олий ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган Дилшод Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар ИИБ шахсий таркиб билан ишлаш гуруҳи инспектори лавозимида иш бошлади. Олий ўқув курсларида олган билимларини амалиётда самарали қўллаши, хизматга мослашуви устозлари Олмалиқ шаҳар ИИБ бошлиғи ўринбосари, подполковник Санжар Қўчқоров,  вилоят ИИБ ШТБИХ бошлиғининг 1-ўринбосари, подполковник Мансур Муродимовларнинг ёрдамида осон ва янада самарали бўлди. Мазкур даргоҳда беш йил ишлаган ходим кейинчалик Бекобод тумани, Тошкент шаҳар иибб жазони ижро этиш колониясида хизматни давом эттириб, 2021 йилдан пойтахт Сергели тумани  ИИО ФМБ кадрлар билан таъминлаш гуруҳи катта инспектори, катта лейтенант унвонида ҳозирги кунга қадар хизматни давом эттириб келмоқда. Хизмати давомида ўз устида кўпроқ ишлаши, билимларини чуқурлаштириши лозимлигини англаб, шунингдек,  офицер бўлиш истагида Дилшод  ИИВ Академиясини сиртдан тамомлади.  


        Айни вақтда катта лейтенант Дилшод Якубжанов ички ишлар органларини халқ хизматига астойдил бел боғлаган, жисмонан ва маънан соғлом, ҳалоллик ва адолатпарварликни ўзларига шиор билган муносиб номзодлар билан жамлаш, уларнинг маънавий-маърифий савиясини мунтазам ошириб бориш, олинган билимларини текшириш, ички ишлар идоралари ходими ахлоқ-одоб низомига риоя қилиш каби йўналишларни назорат қилиб келади.


       – Билимли, ҳалол, маданиятли ва маърифатли, дунёқараши кенг, хушмуомала ходимлар аҳолининг ички ишлар органларига бўлган ишончи ва обрўсини кўтаради, – дейди катта лейтенант Дилшод Якубжанов – Одамлар ўзини қандай тутишидан ходимнинг қандайлигини билиб олади. Шу боис ходимларнинг ҳар томонлама шаклланишига катта эътибор берилади.


       Ходимларнинг касбий, жисмоний, жанговар тайёргарлиги, ижобий рағбатлантирилиши ёки интизомий жазоланиши ўз хизмат вазифаларини тўла-тўкис бажаришда муҳим ўрин тутади. Зотан, ҳар бир ходимнинг муваффақияти ва камчиликлари унинг шахсий йиғмажилдига киритилиб у ходимнинг кўзгуси бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, мазкур жиҳатлар ҳар бир ходимнинг мансаб, унвон поғоналарида кўтарилишида ўзига хос мезон вазифасини бажаради. Таъкидлаш жоизки,  ходимларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси ҳам раҳбариятнинг доимий эътиборида. Жорий йилда 3 нафар ходимга имтиёзли равишда уй-жой олишга ҳужжатлар расмийлаштирилган бўлса,  23 нафар ходимга ижара шартномаси асосида истиқомат қилиш учун компенсация тўловлари тўлаб берилди. Ўнлаб ходимларимизнинг яшаш шароитлари, оилавий муаммолари ўрганилиб, камчиликлар бартараф этилди. Бу каби ишлар узлуксиз равишда давом этиб келинади.  Шунингдек, ҳар бир ходимнинг хизмат йилларини қайдлаб бориш, тегишли тўловларни амалга ошириш доимий назорат қилиниб, нафақага чиқиш, имтиёзлар бериш масалалари раҳбарият билан ижобий ҳал қилиниб борилмоқда. Бир сўз билан айтганда, кадрлар билан ишлаш зийраклик, эътибор ва катта масъулият талаб қилади. Ички ишлар идоралари хизматининг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга оладиган бўлсак, бу икки карра масъулият юкини орттиради.

Барча янгиликлар

Text to speech