7 Июл 2024 йил 1402

“Билимлар ғазнаси”даги ўғирликлар

Тошкентдек шаҳри азимда иш топиш осон, яшаш шароитлари қулай, имкониятлар мўл, деган хаёлда пойтахтга келган Хуршидбек анча вақт ошхона ва қаҳвахоналарда  ишлаб юрди. Бироқ  бу меҳнатни оғир ҳисоблаб, енгилроқ, аниқроғи тер тўкмай пул топиш  ҳақида ўйлай бошлади. Унинг калласига келган мўмай пул топиш режаси унча-мунчанинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаганлигини  қуйида унинг қилмишларидан  билиш мумкин.

2023 йилнинг 14 октябрида  Хуршидбек  Юнусобод туманида жойлашган  Алишер Навоий номли кутубхонага обуна бўлиб, китобхон сифатида дуч келган китобни олиб стол атрофига жойлашди. Китобдаги ҳарфларга тикилиб ўтиришдан ўлгудек зериккан Хуршидбек, тишини-тишига қўйиб сабр қилишдан бошқа чораси йўқлиги сабаб, ўқимай саҳифаларни варақларди. Ниҳоят, соат 16.00ларга яқин нариги секцияда китоб мутолаасидан бўшамай, анчадан бери ноутбукига нималарнидир ёзаётган Алишернинг бир муддатга  ўрнини тарк этганини кўриб, унинг 230 АҚШ долларилик  “Acer “ русумли ноутбукини адаптери билан бирга ўғирлаб сумкасига солди. Пинагини бузмай кутубхонани тарк этди.  Бир соатга ўтар-ўтмас уни 670.000 сўмга сотиб юборди. Пулини еб-ичиб, 26 октябрь куни яна  шу кутубхонага келди. Билимлар маконига инсонлар илм излаб келса, у ўғирлик ниятида  келиб, соат  бешларга қадар қулай фурсат пойлаб, гўёки, китоб ўқиб ўтирди. Бир кўзи китобда бир кўзи “ўлжа” излаган Хуршидбек  Шерзоднинг  “НР” русумли ноутбукини нишонга олди. 300 АҚШ долларилик ноутбук  2.800.000 сўмга сотиб юборилди. Кутубхонадаги илмсеварларнинг ишонувчанлиги, илм билан овора бўлиб моддий бойликларга эътибор бермаслиги, моддий бойликлардан  илм  йўлида фойдаланишларини тушунмайдиган Хуршидбек, уларнинг соддалигидан кулиб, бу сафар 30 октябрда Олмазор туманида жойлашган “Турон” кутубхонасига йўл олди. Қундузхоннинг берилиб  ноутбукка нималарнидир ёзаётганини кўриб, унинг қачон бирор муддатга хонадан чиқишини кута бошлади. Соат 17.00 ларда қиз  бир неча дақиқага ўрнини тарк этганидан фойдаланиб, 800 АҚШ долларилик “ НР  Yictus” ноутбукини аддаптери билан ўғирлаб, сумкасига жойлади-ю жуфтакни ростлади. Номаълум шахсга тўрт миллион сўмга сотиб юборади. 

– Ҳали йигирмага кирмаган, уйланмаган  бу йигитнинг фикри ўқиш, касб-кор эгаллаш, юртимизга, ота-онасига олқиш олиб келадиган ишларни амалга ошириш эмас, қандай йўллар билан бировларнинг мол-мулкини ўғирлаш, белини букмай пул топиш ниятида жиноятга қўл уриши ачинарли ҳолдир, – дейди Юнусобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими  катта терговчиси, катта лейтенант С.Аҳроров. – Маҳалла-кўйда ота-онасининг юзини ерга қаратган бу йигитнинг қилмишини оқлаш қийин. Эрта-индин ўғлини  уйлантириш мақсадида, ота-онаси кимнингдир эшигини қоқса, ўғрига қиз беришни ўйлаб кўрса керак одамлар.          

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди томонидан Хуршидбек Республика Жиноят кодексининг  169-моддасида (“Ўғрилик”) назарда тутилган жиноятни содир этилганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилган ҳолда, уч  йилга озодликдан чеклаш  жазоси тайинланди.

Барча янгиликлар

Text to speech