24 Октябр 2024 йил 464

Бахт томон парвоз

2008 йилда  меҳрибонлик уйига кўнгилли ёрдамчи бўлиб келган Аннанинг эътиборини буғдойранг, қора кўзларини шифтга қаратиб ётган ҳаракатсиз гўдак тортди. Меҳрибонлик уйи раҳбари боланинг туғма ногиронлиги, алоҳида парваришга, эътиборга муҳтожлигини айтганида болакайга ғамхўрлик қилиш фикри туғилди. Буни билгандек, гўдак Аннага талпина бошлади. Ўша кунни аёл ҳеч қачон унута олмайди. Шу кундан бошлаб Аннанинг тинчи бузилди. Гўдакни уй шароитида бутун меҳрини бериб, соғлом вояга етказишни ният қилган Анна уни болалар уйидан ўз уйига олиб келди. Унга Александр дея исм қўйиб унинг касаллигига оид тиббий адабиётларни ўқиб, ўз мақсадини амалга ошириш учун Александрга барча шарт-шароитларни яратди. Оналик муҳаббати, ён-атрофдагиларнинг бўлакча меҳри, ғамхўрлиги ва ўзгача парвариш ўз самарасини берди ва Александр соғлом вояга ета бошлади. Вақтнинг ўтишини кўринг. Кўз очиб юмгунча Александр 16 ёшга тўлибди. Ҳаммаси шундан кейин бошланди. Унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат қилиш, она-бола муносабатларини расмийлаштиришга келганда, ўсмирнинг Ўзбекистонлик эканлиги маълум бўлди. Воқеадан хабар топган ҳомийлик ташкилотлари Александрни ватанига қайтариш илинжида уни Аннадан олиб қўйишди. Бу орада Анна Тошкент шаҳар ИИББ вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази бошлиғи Камолиддин Завқиев билан телефон орқали боғланиб, вазиятни тушунтирди ва ундан кўмак сўради. Анна қўлида бўлган боланинг туғилганлик гувоҳномасининг нусхасини олиб, саккиз ойлигидан бутун меҳрини бериб тарбия қилган ўғлини қайтариш учун Санкт-Петербургдан Тошкентга жўнади.

– Мен биринчи бор Ўзбекистонга келишим. Менга ўғлим Александрни бағримга қайтариш учун меҳнатлари, вақтини аямай ёрдам кўрсатган юзлаб инсонларга ўз миннатдорлигимни изҳор этаман. Барча-барчасига раҳмат. Айниқса, Камолиддинга. Бу Марказда бир ярим ойча туриб, марказ ходимлари олиб бораётган ишларни кўриб, тасанно айтмай илож йўқ. Ҳар бир болага алоҳида ёндашиб, уларни болалик бахтини туйиш, тўлақонли оила бўлиб яшашини таъминлаш борасидаги хизматлари беқиёс. Аслида ҳам шундай, ҳар бир боланинг ўз уйи, ота-онаси, яқинлари бўлиши шарт. Мана бугун қўлимда Александрга берилган ID карта, хорижга чиқиш паспорти, халқаро ҳомий-васийлик ҳужжати – буларни олишда яқиндан ёрдам берган Тошкент шаҳар ИИББ, Марказ раҳбарияти, тегишли идоралар ходимларига бу эзгу ишларида  муваффақиятлар тилайман. Меҳри дарё, жонкуяр, меҳнаткаш, меҳмондўст,олижаноб Ўзбекистон халқига, Ўзбекистон Президентига чексиз ҳурматим ва муҳаббатимни изҳор этаман, – дейди Федосева Анна Юрьевна, кўзларида қувонч ёшлари билан.

Самолёт Санкт-Петербург томон парвоз қилди. Унда ўз фарзандини топган бахтиёр она ва меҳр-муҳаббат оғушида камол топажак бахтли ўғил қадрдон манзиллари томон ошиқиб кетишмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech