Ўлкамизда баҳор таровати. Табиат уйғониш, гуллаш ва яшнаш тараддудида. Табиату инсонлар ажиб ҳаракатга тушади. Қуёшнинг ҳам жилмайиши ўзгача. Унинг илиқ ва ёқимли нурлари қалбларни узоқ қишки мудроқдан уйғонишга, илҳомланишга ундайди. Юракнинг туб-тубидан куй-наво, шеър оқиб кела бошлайди. Бу бежизга эмас. Кўкламнинг илк куни баҳор, тинчлик, садоқат, вафо, гўзаллик ва нафосат куйчиси, элимизнинг ардоқли шоираси Зулфияхонимнинг таваллуд куни билан бошланади. Куни кеча пойтахт ИИББ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш Марказида Ўзбекистон халқ шоираси, ўзбек аёлининг садоқат ва вафо тимсоли бўлган Зулфияхоним таваллудининг 110 йиллиги муносабати билан “Баҳор келди сени сўроқлаб” мавзусида маърифий-бадиий кеча ташкил этилди. Ушбу кечада шоира Зулфияхонимнинг ҳаёт ва ижод йўли, баҳор фаслига бўлган, ёрга соғинчи акс этган мумтоз шеърлари янгради. Унда Марказ бошлиғи ўринбосари, майор Гулчеҳра Союпова ҳамда марказ табияланувчилари ва меҳмонлари иштирок этишди. Тарбияланувчилар томонидан барчанинг кўнглидан бирдек жой олган дилтортар шеърлар ўқилган бўлса, Тошкент давлат консерваториясининг бир гуруҳ талабалари томонидан Зулфияхоним ижодидан эл ардоғига айланиб, куйга солинган қўшиқлар маҳорат билан ижро этилди. Шунингдек, бадиий кечада Марказ тарбияланувчиларига Зулфияхонимнинг нафақат шоира, балки таржимон сифатида юритган фаолияти, таржималаридан намуналар, бадиий ижодиётда эришган қатор ютуқлари бўйича ҳам маълумотлар берилди. Саҳнага чиққан ҳар бир талаба санъат ва ижодиётдаги маҳоратларини намойиш қилиш билан бирга вояга етмаганларга ўз олдиларига аниқ эзгу мақсад ва режалар қўйиш, уларни амалга ошириш бўйича дадил қадамлар ташлаш, курашиш зарурлиги, ҳар бир ютуқлар замирида тинимсиз меҳнат ётиши, ҳаракат ва шижоат билан енгиб ўтилсагина зафарлар ёр бўлишига руҳлантирирдилар. Бу каби тадбирлар буюк сиймолар адабий меросини янада кўпроқ ўрганиш билан бирга ёш авлодни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этиб, уларнинг маънавий камолотига катта ҳисса қўшади. Бадиий кеча барчага манзур бўлиб, унутилмас таассуротлар қолдирди.