Тошкент шаҳар Олмазор тумани ИИОФМБ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, подполковник Гулчеҳра Таймуратова учун бу йилги истиқлол шодиёнаси қўшалоқ байрамга айланди. У Президентимиз фармонига кўра, «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланди.
– Фарзандимнинг хизматлари эътироф этилиб, юксак мукофот билан тақдирланганидан жуда хурсанд бўлдик, – дейди Гулчеҳра Таймуратованинг онаси Ҳабиба ая. – Ахир медалга муносиб деб топилиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Бунинг учун аввало, Юртбошимизга, вазирлик раҳбариятига миннатдорлик билдираман.
Гулчеҳра Таймуратова спортчилар оиласида вояга етди. Спортга қизиқиши ортишида отаси – миллий кураш бўйича олий тоифали мураббий Амон Таймуратовнинг хизматлари катта бўлди. Машғулотларда мунтазам қатнашган Гулчеҳра мактабни тугатиб, Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институтига ўқишга кирди. Уни тугатиб, ҳужжатларини ички ишлар органига топширди. Кўп ўтмай ИИВ «Жар» спорт-соғломлаштириш комплекси спорт ишлари бўлими катта мураббийси лавозимига тайинланди.
Спортга ошно инсон доим тетик ва бардам бўлиш билан бирга, ҳаётда ҳам яхши натижаларга эришаверар экан. Спорт билан мунтазам шуғулланган Гулчеҳра ҳам катта теннис бўйича спорт устаси, бир қатор турнирлар ғолиби ва совриндори ҳам бўлди.
Кейинчалик ўзини бошқа йўналишда ҳам синаб кўришга аҳд қилган Гулчеҳра Олмазор тумани ИИБ ҲООБ вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳининг инспектори сифатида хизматни давом эттирди. Ўшандан буён осойишталикни таъминлаш йўлида ўзига юклатилган вазифани сидқидилдан бажариб келмоқда.
Айни пайтда хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш, нотинч оилаларни муросага келтириш ва ишсизларни бирор касбга йўналтиришда ҳамкасблари, тегишли идора вакиллари ва маҳалла фаоллари билан ҳамкорликни яхши йўлга қўйган.
Қаҳрамонимиз хизмат олиб бораётган ҳудудда 70 мингдан ортиқ хотин-қиз истиқомат қилади. Жорий йилнинг ўтган 8 ойи мобайнида турли тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган 31 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери расмийлаштирилди. Масалан, турмуш ўртоғининг зуғумларидан эзилган С.Б. 2-сонли ИИБга дардини айтиб келганди. Унинг оилавий шароитлари ўрганилганида, ҳақиқатан ҳам аҳвол мураккаб, оила ажралиш ёқасига келиб қолгани ойдинлашди. Шундан сўнг унинг оила аъзолари билан якка тартибда профилактик суҳбат ўтказилди. Келишмовчиликларнинг асосий сабаби рашк эканлиги маълум бўлди. Оила ажралиб кетишининг олдини олиш мақсадида психологлар суҳбатига олиб борилди ва аёлга ҳимоя ордери берилди.
Ҳудуддаги етти нафар вақтинча ишсиз бўлган аёлларни иш билан таъминлашда ҳам Гулчеҳра Таймуратова бош-қош бўлди. Хусусан, «Қорасарой» маҳалласида яшовчи М.Султонова маълумоти ўрта-махсус, мутахассислиги тикувчи, лекин ишсиз эканлигини айтгач, инспектор тадбиркорлар билан боғланди. Кўп ўтмай М. Султонова яшаш манзилига яқин бўлган жойдаги болалар кийимини тикиш цехига ишга жойлаштирилди.
Профилактик ҳисобда турган аёллар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш мақсадида улар билан кенг қамровли тарғибот-профилактик ишларининг мунтазам ўтказилаётганлиги ўз самарасини бермасдан қолмаяпти.
– Мазкур йўналишда ҳамкасблар билан маҳаллалар, оилалар, корхона ва ташкилотларда давра суҳбатлари ўтказишимиз яхши йўлга қўйилган, – дейди подполковник Гулчеҳра Таймуратова. – Учрашувларда юртимиз равнақида айнан хотин-қизларнинг ҳам алоҳида ўрни борлиги, уларнинг фарзандларимиз тарбиясидаги роли катта эканлиги борасида фикр-мулоҳазалар айтиб ўтилади. Уларнинг муаммоларини ҳамкорликда ҳал этиш масалалари кўриб чиқилади.
Г.Таймуратова турмуш ўртоғи Шуҳрат Шарипов билан уч нафар – Нозима, Сардор ва Нозанин исмли фарзандларини тарбиялаб, вояга етказишди. Учаласи ҳам оила қуриб, жамиятда ўз ўрнини топишган. Бугунги кунда юксак мукофот соҳибаси фарзандлари ва 5 нафар набираси қуршовида умргузаронлик қилиб, Ватанига, юртига садоқат билан хизмат қилишда давом этмоқда.
Сарвар СОБИРОВ, ўз мухбиримиз.