Аслида қўлидан бирор жўяли иш келмайдиган одам ўзини ҳамма нарсага қодирдек кўрсатишга уринади. Токи, унинг қармоғига илиниб, таъзирингизни емагунинггизча у назарингизда омадли, ишбилармон ва ҳожатбарор, қўйинг-чи, одамларнинг энг яхшиси бўлиб туюлаверади. Абдулазиз ҳам Неъматни спорт клубидан чиқиб келаётганида учратиб суҳбатлашиб билдики, у мазкур клубга йиллик имтиёзли карта олиб бера оларкан. Абдулазиз анчадан буён отасига янги йилга нима совға қилиш ҳақида бош қотираётганди. Айтганча, бу воқеа 2022 йилнинг 29 декабрь куни содир бўлаётганини айтишни унутибмиз. У ўзи ва отаси учун йиллик картага эга бўлиш ниятида “ҳожатбарор”га 10.500.000 сўм берди ва келаси йилнинг 5 январидан қолмай картани олиши керак эди. Абдулазиз шу жойда кутиб турсин, гапни Неъматнинг кейинги фириби тафсилотлари билан давом эттирамиз. Ўн бир миллионга яқин пулни олган Неъмат янги йилни кўтаринки кайфиятда қарши олди. Бировнинг пулига ўйнади-кулди, байрамни шоҳона кутиб олди. Текин даромаднинг мазасига ўрганган Неъмат 2023 йилнинг 6 январида Чилонзор туманидаги йирик савдо мажмуасида маиший техника моллари билан савдо қилувчи таниши Муроднинг олдига келди ва Сергели туманидаги донғи чиққан меҳмонхоналардан бирига ўрнатиш учун кондиционерлар харид қилиши лозимлигини айтиб, 4.000 АҚШ долларилик кондиционерларни олиб кетди. Табиийки, пулини ўрнатиб бўлиши билан келтириб беришга ваъда берди. Неъмат ўзини кондиционер ўрнатиш, таъмирлаш билан шуғулланувчи уста деб таништириб келганлиги туфайли Муродда у шубҳа уйғотмади. Энди Абдулазизнинг тарихига қайтсак. У Неъматга қўнғироқ қилганида, Неъмат бемалол спорт клубига боравериши мумкинлиги, ўша ерда рўйхатга ёзиб қўйганлиги, киришга тўсиқ бўлмаслигини, назоратчига учрашиб, унинг номига ёзилган абонементини олиши мумкинлигини айтганида, терисига сиғмай қувонди. Эртасиёқ отаси ва ўзи бирга бориб бозордан машғулотлар учун спорт кийимлари ва керакли нарсаларни харид қилиб келишди. Мана у отаси билан спорт клубига етиб ҳам келди. Спорт сумкасини кўтариб эшикдан киришаётганида назоратчи томонидан тўхтатилиб, абонементини кўрсатиш сўралди. Табиийки, Абдулазиз Неъматнинг номини айтиб, рўйхатни кўришлигини ва абонементни беришларини сўраганида назоратчи шунча йил ишлаганига қарамай бундай одамни танимаслигини, ҳеч қандай абонемент берилмаганлигини айтиб, клубни тарк этишларини илтимос қилганда Абдулазиз отасининг олдида ер ёрилмадики, кириб кетса. Ўсал бўлгандан бўлдики... Мурод эса кондиционерларнинг пулини кута-кута тоқати тоқ бўлиб, Неъмат айтган меҳмонхонага борди. Эшикоғаси яқин ярим йил ичида ҳеч ким кондиционер ўрнатмагани, олиб чиқиб ҳам кетмагани, боз устига таъмирлаб ҳам бермаганини, Неъмат исмли шахсга иши тушмаганини айтганида Муроднинг кўз олди қоронғулашиб кетди. Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди очиқ суд мажлисида 1994 йилда туғилган, маълумоти ўрта-махсус, муқаддам судланган, икки фарзанднинг отаси Р.Неъматнинг қилмишини қонунан кўриб чиқди ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Етказилган зарарнинг қопланганлиги инобатга олиниб, унга нисбатан иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Мазкур фирибгарлик жиноят иши тафсилотлари Чилонзор тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Шаҳризода Нариманованинг иш юритувидан олинди.