26 Март 2025 йил 261

Ҳавога учган автомашиналар

Кечиримлилик миллатимизга хос. Бу инсонийлик тамойиллари қонунларимизда ҳам акс этган. Адашмайдиган одам йўқ. Кимдир билиб, кимдир билмай эгриликка қўл уради. Қонунларимиздан кўзланган мақсад ҳам шахсни фақат жазолаш эмас, балки адашганларга имкон бериш, уни тўғри йўлга йўллашдан иборат. Саъдулла биринчи марта 2017 йилда фирибгарлик жинояти содир этиб судланганида, суд ҳайъати томонларнинг ярашганлиги туфайли уни жиноий жавобгарликдан озод қилган эди. Аммо у бу берилган катта имкониятни суиистеъмол қилиб, 2020 йилда яна фирибгарлик жиноятига қўл урди. Бу сафар суд ҳайъати унинг қилмишлари учун 2 йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади. Афсуски, бу енгиллик ҳам унинг кўзини очмади. 2022 йилнинг 15 ноябрь куни у масъулияти чекланган жамият раҳбари Н. Каримнинг ишончига кириб “Matiz” автомашинасини йўл варақаси асосида бошқариш ҳуқуқи билан ижарага олиш таклифини берди. Кунига 130.000 сўмдан ижара ҳақи беришга келишилди. Келишилган ижара пулларини ўз вақтида олиб юрган Карим Саъдулланинг автомашинани бир ҳафта ўтмай Фарғоналик М.Ҳасанга сотиб юборганидан бехабар қолди. Машинани сотиб юборган Саъдулла эса уялмай-нетмай эртаси куни Каримнинг олдига келиб “Lasetti” автомашинасини ижарага олиш таклифини берди. Ижара ҳақи кунига 180.000 сўм этиб белгиланди. Карим Саъдулланинг “Matiz” автомашинасини Фарғоналик М.Ҳасанга сотиб юборганидан бехабар унинг таклифига рози бўлди. Машинани жамият ҳудудидан ҳайдаб чиққан Саъдулла учинчи куни уни ҳам сотиб юборди. Шу-шу ижара ҳақи ҳам, автомашиналар ҳам сувнинг буғи кўтарилгандек, кўринмас бўлиб, ҳавога учди.
Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди очиқ суд мажлисида 1983 йилда туғилган, муқаддам бир неча бор судланган Саъдулланинг қилмишларини қонунан кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикасси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Унинг чин дилдан пушаймонлиги, оиланинг ягона боқувчиси эканлиги, жабрдийдага моддий зарар қопланганлигини эътиборга олиб, иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, 2 йилу 6 ойга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди.
Мазкур жиноят иши тафсилотлари билан Яшнобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Нуриддин Рамазонов таништирди.

Барча янгиликлар

Навбатчилик қисми

102

Ишонч телефони

1102

Туристлар учун

1173

Электрон манзил

info@iibb.uz

Text to speech

Sahifadagi xatolar bo`yicha manzil:

Matn xato bilan:

Sizning izoxingiz yoki to`g`ri versiya: