19 Декабр 2024 йил 401

Авлодлар анъанасига содиқлик

Улуғбек Бахтиёровнинг касб танлашида иккиланиш бўлмади. Ҳолбуки, боболари: Мусулмонов Норбой ота кўп йиллар Жиззах вилояти Бахмал тумани ИИБ профилактика инспектори, Бахтиёр Мусулмонов Ғаллаорол туман ИИБ бошлиғи, отаси Мусулмонов Асҳад Тошкент вилояти Ўртачирчиқ тумани ИИБ Тергов бўлими терговчиси лавозимларида сидқидилдан самарали фаолият юритиб келишган. Улуғбек 2021 йили Республика ИИВ Академиясини муваффақиятли тамомлаб, илк фаолиятини Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлимида терговчи лавозимида бошлади. Устозлари бўлим катта терговчилари: подполковник Жаҳонгир Якубов, капитан Азиз Асадовлар ёш, тиришқоқ ва зеҳнли йигитни шогирдликка танлаб хато қилишмади. Унинг тиришқоқ ва меҳнатсеварлиги, пухталиги, ўз ишига ўзгача масъулият билан ёндашиши соҳани тезда ўзлаштириб, амалий билимларини мустаҳкамлашга туртки бўлди. Устозлари воқеа жойини кўздан кечириш, сўроқ жараёнига руҳий тайёргарлик кўриш, ашёвий далилларни аниқлаш, гумондорнинг айбини исботлашга қаратилган ҳаракатларни тўғри ташкиллаштириш, моддалар классификациясини бехато белгилаш каби ишларни амалга оширишда орттирган кўп йиллик тажриба ва малакаларини Улуғбекка ўргатиш баробарида жараёнга жалб этиб, йўл қўйган хатоларини кўрсатиб, муҳокама қилиб боришди. Кейинчалик ҳам мустақил тергов юритишда Улуғбек неча бор улардан тергов жараёнини назорат қилиб боришни илтимос қилиб, кўникмаларини мустаҳкамлади. Улуғбек ёш бўлишига қарамай юритувида бўлган жиноят ишларини таҳлил қиларкан, инсон умрининг қисқалиги, уни эзгу савобларга, яратиш, ўқиш, меҳнат ва ижод қилишга сарфлаш учун шошилиш кераклигини таъкидлайди. Тарбия уйдан, катталардан бошланиши лозимлиги, бир болага етти маҳалла ота-она, деган иборани ҳаётга тадбиқ этишнинг фойдаси муҳимлигини эътироф этади.

— Фуқароларимизда қонунга ҳурмат, унга сўзсиз риоя этиш маданиятини шакллантириш зарур, — дейди катта лейтенант Улуғбек Бахтиёров — Бунинг учун ҳуқуқий билимларини ошириш, ҳуқуқий маданиятни кенг тарғиб қилишимиз лозим. Шунингдек, жиноятга у қандай кўринишда бўлмасин жазо муқаррарлигини фуқаролар, айниқса ёшлар онгига сингдириш муҳим, деб ўйлайман.

Тумандаги дўконлардан бирида ўғирлик содир этилади. Ўғри компьютер, принтер ҳамда унга тегишли жиҳозларни ўмариб кетади. Улуғбек гумондор билан суриштирув ишлари олиб бораркан, унинг шериги бўлганлигини ҳис қилди. Аммо айбдор ўғирликни ёлғиз ўзи содир қилганини айтиб, сўзида туриб олди. Улуғбекнинг дўстона суҳбати давомида айбдор шериги ўзининг турмуш ўртоғи эканлигини оғзидан “гуллаб” қўйганини пайқамай қолди. Ҳар иккисига суд томонидан қонуний жазо тайинланди. Унинг амалиётидан бу каби жиноят ишлари бўйича кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Айни кунда Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси катта терговчиси лавозимида, катта лейтенант унвонида фаолият юритиб келаётган Улуғбек Бахтиёров ички ишлар органлари сулоласининг тўртинчи авлод давомчиси эканлигидан фахрланади. Шу билан бирга уларга муносиб бўлишга, мисқоллаб йиғилган обрў-эътиборига доғ туширмасликка, аксинча бу ишончни ҳалол, фидойи меҳнати билан мустаҳкамлашга интилади. Шу билан бирга юртимизда ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, жиноятга жазо муқаррарлигини таъминлашга ўз кичик бўлса-да ҳиссасини қўшиб келаётганини мамнуният билан эътироф этади.

Барча янгиликлар

Text to speech