3 Июл 2024 йил 1164

Арзоннинг “сеҳри”

Исталган буюмнинг ўз нархидан бир неча маротаба арзон нархини айтсанг, аксарият одамлар дарров харидор бўлишади.  Буюмнинг ўғирланган бўлиши ёки “ҳожатбарор” алдаб, чув туширмоқчи эканлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўришмайди. Аммо “арзон”деган сўзнинг сеҳри бўлакча. Эшитган қулоқнинг ақлу идрокини кишанлаб, карахт қилиб қўяди. Фирибгарларнинг энг синалган усулларидан бири ана шу.

Бекзод 2022 йилда жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди томонидан фирибгарлик жинояти учун 2 йилу 6 ойга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинганига қарамай, енгил бойлик орттириш мақсадида яна жиноятга қўл урди.

Қаҳрамонимиз 2023 йилнинг январида  Феруза исмли аёл билан танишиб, суҳбатлашиб қолди. Аслида мақсади аёлни фириб қармоғига илинтириш бўлган Бекзод ўзини уяли алоқа  компанияларидан бирида ишлашини, истаса “9999” рақамини олиб беришини таклиф қилди. Феруза 300.000 сўмни санаб берди. Бир неча кун ўтиб, Бекзод  аёлга учрашишни таклиф қилди. Юқоридаги рақам сим-картасини олиб келган деган ўйда хурсанд бўлган Феруза  ясан-тусан қилиб чиқди. Бекзод аёлдан мулойимлик билан шахсий турмуши ҳақида сўради. Бекзоднинг ғамхўрлигидан таъсирланган аёл телефон рақамини сўрашни ҳам унутди. Феруза фарзандларини ёлғиз ўзи тарбиялаётгани, тор хонадонда тиқилиб яшаётгани, топган пули ижарага аранг етаётганидан ёзғирди. “Олижаноб фирибгар” унга “самимий” ачиниб, ҳаётда номард эркаклар кўплиги, фарзандларни  тақдирини ўйламай, ўз кайф-сафосини ўйлайдиганлардан нафратланишини, таниш-билишлари орқали Сергели туманидан субсидияга арзон уй олаётганини, истаса унга ҳам олиб бериши мумкинлигини айтиб ўтди. Фарзандлари билан ижарама-ижара яшаб юрган Феруза учун бу кутилмаган “бахт” эди. Бошланғич тўловнинг 1700 АҚШ доллари эканлиги эса икки карра бахт эди. Феруза таниш-билишларидан пул йиғиб ўз хоҳиши билан унинг қўлига тутқазди. Орадан икки ҳафта ўтиб, Бекзод аёлга телефон қилди. Тезда 3.200 АҚШ доллари топмаса пули куйиб кетишини айтди. Аслида уйи куйиб кетаётганини сезмаган  аёл яна таниш-билишларига илтимос билан мурожаат  қилди. Банкдан микроқарз олиб унга 500 АҚШ доллари тутқазди.  Эртаси яна 400  АҚШ доллари берди. Шунда ҳам кўзи очилмаган аёл икки миллион сўмни фирибгарнинг пластик картасига ўтказди. Иштаҳаси очилган “мард” яна 3.200 доллар тўласа, уйнинг калити қўлида эканлигига ишонтирмоқчи бўлди. Аммо аёл орзусига етай-етай деганда, шунча пул еру кўкдан топилмади. Феруза ҳарчанд уринмасин, танишма-таниш, уйма-уй юриб пул қидирмасин пул топа олмади. Берилган муддат тугади. Тушкунликка тушган, бўлажак уйини тушларида кўриб, ширин хаёллар оғушида юрган Ферузанинг умидлари чилпарчин бўлди. Йиғлай-йиғлай, арзон уйдан умидини узиб, “нажот париси” бўлган Бекзоддан илгари берган пулларини қайтаришини сўради. Томоша шундан сўнг бошланди. “Олижаноб”ликдан асари ҳам йўқ  муттаҳам телефонини кўтармай, қочиб юришга ўтди. Аввал қарз сўраб  ковушини йиртган аёл энди фирибгарни излаб, ялангоёқ  қолганини фаҳмлади. Феруза ички ишлар идораларига мурожаат қилди.

– Тергов давомида Бекзод юк ташиш билан шуғулланувчи Д.Султонбекни ҳам чув туширгани аниқланди. У ўзини давлат ташкилотида ишлашини айтиб ҳайдовчини ишонтирган. Беминнат “ҳожатбарор”  “Мерседес-Бенс-Атиго” оғир юк автомашинасига  қайта жиҳозлаш сифатида юк ортувчи мослама қўйишда ҳужжатларни расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, 1400 АҚШ доллари олиб қорасини кўрсатмай кетган, –дейди Миробод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ терговчиси, лейтенант Акбаршоҳ Нормуродов. – Илгари ҳам уч маротаба фирибгарлик жинояти билан судланган, рецидивист деб топилган Бекзод панжара ортида ўтириб ҳам тегишли хулоса  чиқармаган экан.

Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди томонидан Бекзод Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168 ва 28, 211-моддалари билан айбли деб топилиб, 60-61 моддалари тартибида Бекзодга беш йилу икки ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Барча янгиликлар

Text to speech