13 Ноябр 2024 йил 451

Ҳар кимники ўзига азиз

      Аҳмадхоннинг тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётганига кўп бўлмади. Аммо ўз ишини яхшигина йўлга қўя олди. Қўшни республикага қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етказиб  беради. Тадбиркорлик ҳам таваккалчиликка асосланган бир соҳа-да. 2023 йилда яхши таклиф олди. Катта фойда кўриш ниятида бор пулини – тийин-тийинигача маҳсулотга сарфлаб, бир тийинсиз қолди. Маҳсулотдан келадиган фойдага ҳали анча вақт бор. Бу орада тирикчилик, рўзғор дегандек. Нима қиларини билмай роса боши қотди. Энг содда ва беозор туюлган режа ўйлаб топди. 3 ноябрь куни Бектемир туманидан ўтувчи Тошкент ҳалқа йўлида жойлашган “Водий” автотураргоҳига йўл олди. “Кобальт” автомашина ҳайдовчиси бир йўловчини машинасига ўтиргизиб, яна йўловчи чақиришга йўл олганидан фойдаланиб, машинага ўтирди ва йўловчини гапга сола бошлади. Зарур қўнғироқ қилиши зарурлиги эсига тушиб, телефонини уйда унутиб қолдирганини айтиб, йўловчи Нўъмонжондан телефонини бериб туришини сўради. Гаплашиб тобора узоқроқ-узоқроқ кета бошлади. Нўъмонжон эса бирга кетишига ишонгани учун бу ҳолатга унчалик эътибор бермади. Лекин ҳайдовчи йўловчиларни йиғиб кетишга чоғланганида, телефонини олган кимсани қидира бошлади. У эса аллақачон жуфтакни ростлаган,  Нўъмонжон манзилидан қолиб, туман ички ишлар органларига мурожаат қилаётганида 1.500.00 сўмлик “Pedmi 12C “ телефонини 700.000 сўмга сотиб юборган эди.          


       – Аҳмадхон илгари 2009, 2010, 2021 йилларда фирибгарлик жинояти содир этиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган эди, – дейди Бектемир тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, капитан Шерзод Шомуродов. – Катта даромад олиш илинжида ўйламай-нетмай бор маблағини маҳсулотга тиккан Аҳмадхон яқинларидан қарз олишни истамай жиноятга қўл урди. Нафсини жиловлаб, ҳисоб-китобли иш қилганида иши баракали ва унумли бўларди. Арзон телефон учун жабрланувчи вилоятдан қайтиб келиб ўтирмайди, ички ишларга мурожаат қилмайди, деб ўйлаганига нима дейсиз?!


         Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди очиқ сайёр суд мажлисида ишни кўриб чиқиб, 1986 йилда туғилган Аҳмадхоннинг қилмишига иқрорлиги, етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлиги, оиланинг ягона боқувчиси эканлиги, жабрланувчи уни кечирган ҳолда, унга енгил жазо беришини сўраганлиги инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Мазкур кодекснинг 57-моддасини қўллаб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида жарима жазосини тайинлади.

Барча янгиликлар

Text to speech