13 Ноябр 2024 йил 360

“Амалдор” фирибгар

Бир ой у ерда, бир ой бу ерда номига жуссасини кўрсатиб, муқим бир ишхонада қўним топмаган Шоумид 19 ёшида, 2011 йили илк бор фирибгарлик содир этиб, суднинг қора курсисига ўтирди. Омади  чопиб амнистияга илинди. Бироқ бу берилган имкониятдан тегишли хулоса чиқармади. 2015 йилда яна эски ҳунарини ишга солиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, 2 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди. 2016, 2019 йилларда ҳам бировларни алдаб, пулларини ўзлаштириши орқали судланиб, озодликдан маҳрум этилди. Озодликка чиқиб ҳам ҳалол меҳнат қилишга, ҳаётини изга солишга шошилмади.

Тавбасига таянмаган Шоумид бўйни ишга ёр бермай, текин пул топиш йўлларини изларкан, таваккал қилиб йўлга чиқди. Бир машинани тўхтатиб фалон жойга етказиб қўйишни сўради. Йўл-йўлакай суҳбатлашиб кетди. Ўзини  катта бир қурилиш компаниясининг раҳбар ўринбосари сифатида  таништирди. Ҳайдовчининг "КамАЗ" автомашинаси борлигини билгач, унга  компаниясида ул-бул юк ишлари чиқиб қолишини айтиб, унга  7-8 миллион сўмлик маош ваъда қилди. Фақат бир муаммо  – маош пластик картага ўтказиб берилади, қоидаси шунақа. Ҳайдовчи соддагина экан:

– Ака, мен бундай нарсаларга тушунмайман, вақтим ҳам йўқ, – деди у ўйлаб ҳам ўтирмай.

– Бунинг қийин жойи бормикан?!  Менга паспортингизни берсангиз ўзим тўғирлаб, компанияга жойлаштириб қўяман, – деди Шоумид. Ҳайдовчи ёнидаги паспортини берди. Шоумид уни телефонига суратга олган бўлди ва шу заҳотиёқ қайтарди.

– Фақат озгина чиқими бор, – деди ҳайдовчининг соддалигидан фойдаланиб. Шу баҳонада унинг 600.000 сўм пулини олди. Орадан  бир ҳафта ўтмай, пластик карта тайёрлигини, ҳадемай унга юмуш чиқиши, тайёр туришлигини тайинларкан ёнилғи масаласини сўради. Компания ҳисобидан арзонга дизель ёнилғиси тўғирлаб беришини айтганида Ёқубжон 200 литр ёнилғи учун 1.500.000 сўмни олиб учрашувга ошиқди.

– Шоумид 2023 йилнинг 23 март куни Ёқубжон билан танишган бўлса, 27 мартга қадар уни 2.100.000 сўмга чув тушириб, сўнг қочиб юрган, – дейди Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Шаҳзодбек Юсупов. – Ёқубжон эса фирибгарга йўлиққанини англамай, фалон қурилиш компаниясини қидириб, сўраб-суриштириб тополмагач, ички ишлар органларига мурожаат қилишга мажбур бўлган.

Жиноят ишлар бўйича Учтепа туман суди очиқ суд мажлисида 1992 йилда туғилган, рецидивист мақомини олган Шоумиднинг қилмишини қонунан кўриб чиқди. Уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топиб, айбига иқрорлиги, етказилган зарарни қоплаганлиги, жабрдийданинг даъвоси йўқлигини инобатга олиб, иш ҳақининг  20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, 2 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилди.

Барча янгиликлар

Text to speech