11 Ноябр 2024 йил 561

Ҳалол хизматга – муносиб рағбат

      Бекмурод ўз тенгдошларидан фарқли ўлароқ, мактабни тугатмасиданоқ ўз олдига мақсад қўйган ва мақсади йўлида ўқиб изланишда эди. 2015 йилда Республика Қуролли кучлари сафида йигитлик бурчини ўтаб қайтгач, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясига ҳужжатларини топширди. Аввалдан тайёргарлиги бўлган Бекмурод барча синовлардан муваффақиятли ўтиб, билим юрти тингловчисига айланди. Ўз касбининг профессионали бўлиш учун қунт ва тиришқоқлик билан ўқиди. Академияни тамомлагач, Тошкент шаҳар Чилонзор тумани ИИО ФМБ Жиноят қидирув бўлими тезкор вакили лавозимида, лейтенант унвонида хизматни бошлади. Устозлари катта тезкор вакил, подполковник Зариф Ҳудойқулов, бўлинма бошлиғи, майор Жасур Ғаниевнинг этагидан маҳкам тутган Бекмурод соҳанинг паст-баланди, жиноятчиларга қарши курашдаги муҳим омиллар, ўзига хос жиҳатларини ўрганди. Кўплаб жиноятларни очишда қатнашди, шахсан ўзи жиноятчилар билан тўқнаш келган ҳолатларда совуққонлиги ва иродасини йўқотмади. Жисмоний тайёргарликда ҳам қонунбузарлардан устун эканлигини исботлади. Вазифаларини сидқидилдан бажариб, қонунбузарларга муросасиз бўлган ходим раҳбариятнинг эътиборига тушди. Икки йил ўтиб Бекмурод Тошкент шаҳар ИИББ марказий аппаратига ишга ўтди. Бу даргоҳда ҳам тезкор-қидирув хизматлари соҳасида фаолиятини давом эттирди. Унинг ишчанлик қобилияти, вазиятни тўғри баҳолаши, жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ишларидаги тажриба ва малакасини тўғри баҳолаган Бош бошқарма раҳбарияти 2023 йилда Бекмуродни пойтахт Янгиҳаёт тумани 4-сонли ИИБ бошлиғи лавозимига тайинлади. Мазкур бўлим туманнинг 7 та маҳалласининг тинчлик-осойишталигини сақлаш, жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, маҳалла аҳлининг тинчлиги, хотиржамлигини таъминлашга масъулдир. Маҳаллаларда 28 мингдан ортиқ турли миллат вакиллари тинч-тотув истиқомат қилиб келишяпти. Улардан 11 мингдан ортиғини 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Юздан ортиқ уюшмаган ёшлар билан профилактик тадбирлар, огоҳлантириш ва тушунтириш ишлари олиб борилиши натижасида улардан элликдан ортиғи жорий йилда ўз қизиқишларига кўра ўқишга, касб-ҳунар ўқув курслари, спорт тўгаракларига жалб этилишига эришилди. Ва бу борадаги ишлар давом эттириляпти. Сектор раҳбари, маҳалла еттилиги ҳамда ҳомий ташкилотлар ҳамкорлигида аҳолининг турли қатламларининг яшаш шарт-шароитлари ўрганилиб, режали равишда моддий, иқтисодий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб келиняпти. Ҳар бир маҳалланинг раислари, фидойилари, маҳалла аҳли билан ўтказилаётган тушунтириш, огоҳликка чақириш, содир этилган ҳуқуқбузарликларни жамоатчилик иштирокида муҳокама этиш каби самарали профилактик тадбирлар ўз натижасини беряпти. Айни дамда маҳалланинг биттаси  қизил, учтаси сариқ ва яна учтаси  яшил тоифа мақомини олган. Бу ишларда лавҳамиз қаҳрамони Бекмурод Исматовнинг маҳалла раислари, фаоллари, қўл остидаги ходимларини бир мақсад сари йўналтириб, ишни кенгашган ҳолда ташкил этганини эътироф этиш лозим. Унинг ўзига бириктирилган ҳудудда олиб бораётган жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари Бош бошқарма раҳбарияти эътиборидан четда қолмади. Қаҳрамонимизга 25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан муддатидан олдин “майор” унвони берилди. Албатта, мазкур унвон қаҳрамонимиз зиммасига янада катта масъулият юклайди ва ишончимиз комилки, майор Бекмурод Исматов буни ўз меҳнати, ғайрат-шижоати, билими билан оқлайди.

Барча янгиликлар

Text to speech