12 Май 2023 йил 1266

Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди

9 май — Хотира ва қадрлаш куни. Ушбу байрам мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кенг нишонланади. “Маънавият ойлиги” доирасида ҳамда анъанага кўра, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда ички ишлар органлари фахрийлари, хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзолари, бош бошқарма шахсий таркиби иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Ватанга фидойилик кўрсатган, тинч-осойишта ҳаёт, юрт фаровонлиги йўлида фидо бўлган ота-боболаримиз қолдирган улуғвор анъаналарни эъзозлаш ҳар бир инсоннинг бурчи эканлигини алоҳида таъкидладилар. Тадбир давомида Ички ишлар органлари фахрийлари ҳам сўзга чиқиб, Ички ишлар органи ходими бўлиш юксак фидойиликни талаб этишини таъкидладилар. Ёш ходимлар “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиздир!” ғоясига амал қилган ҳолда, зиммаларига юкланган масъулиятни чуқур англаган ҳолда жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва жиноятчиликка қарши курашишда юксак профессионал маҳорат кўрсатишига ишонч билдирди.

Шунингдек, тадбир доирасида «Ўзархив» агентлиги билан ҳамкорликда пойтахтимиздаги Ички ишлар органлари ходимларига бағишланган “Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси – эл-юрт хизматида” фотокўргазмаси ташкил этилди.

Фотокўргазмада пойтахт Ички ишлар бош бошқармасининг ташкил топиш тарихи, мустақиллик йилларида Ички ишлар органларининг моддий-техник таъминоти такомиллашгани, Ички ишлар органлари ходимларининг турли оғир вазиятларда кўрсатган жасорати, жиноятчиликка қарши курашишда ўз қасамёдига содиқ қолган ҳолда хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлганларнинг қаҳрамонликларини акс эттирувчи фотосуратлар намойиш этилди. Шунингдек ўз ҳаётини хизматга бағишлаган фахрийларга берилаётган эътибор ҳам кўрсатиб ўтилди.

Барча янгиликлар

Text to speech