29 Август 2024 йил 990

Ҳурматли пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонлари, ҳамкасблар, ички ишлар органлари фахрийлари, хизмат бурчини адо этиш вақтида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ходимларнинг яқин қариндошлари!

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси раҳбарияти номидан ва шахсан ўзимнинг номимдан сизни ҳар биримиз учун қадрли бўлган байрам – Ватанимиз Мустақиллигининг 33 йиллиги билан табриклайман!

Ватанимиз мустақиллиги ва унинг хавфсизлигининг ишончли кафолати бўлган ички ишлар органлари, жумладан Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари хизмат бурчига содиқ қолиб, пойтахтимизда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлаш борасида халқимизга хизмат қилиб келмоқдалар.

Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли, дадил ва изчил ислоҳотларнинг устувор вазифалари ва асосий йўналишларидан бири – инсон қадрини янада юксалтириш, унинг ҳуқуқларини ҳар томонлама ва кенг таъминлашдан иборат. Шу мақсадда аввало бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз ҳамда келгусида ҳам юртимиз тинчлиги ва осойишталигини қўриқлаш, мустақиллик ютуқларини мустаҳкамлаш йўлида астойдил хизмат қиламиз.

“Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз” шиори остида нишонланаётган бу йилги мустақиллик айёми халқимизга ўзгача шукуҳ бахш этмоқда. 33-ёзги Олимпия ўйинларида муносиб иштирок этиб, Ўзбекистон байроғини юқорига кўтарган спортчиларимиз юртимизнинг нақадар буюклигини, Янги Ўзбекистон ёшлари нималарга қодирлигини яна бир бор исботлаб берди. Улар орасида Тошкент шаҳар ИИББ ходими Абдумалик Халаковнинг борлиги ИИО ходимлари нафақат юрт тинчлигини сақлашда, балки жаҳон ареналарида ҳам юртимиз шаънини ҳимоялашда олдинда эканлигидан далолат беради.

Мустақиллигимизнинг 33 йиллик шодиёнаси арафасида пойтахт ИИББ ходимлари юксак давлат мукофоти билан тақдирланганлиги ҳам ҳақиқий рағбат бўлди. Берилган мукофотлар соҳа ходимлари қалбидаги Ватанга муҳаббат, касбга садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари ҳамда халқимиз ишончини оқлаган ҳолда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, Ватанимиз пойтахтида жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ бурчимизни фидокорона адо этишда давом этамиз. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Сизларга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат, халқ ва Ватан фаровонлиги йўлидаги хизматингизда зафарлар тилайман. Яна бир бор байрамингиз муборак бўлсин!

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи

генерал-майор Азиз Ташпулатов

Барча янгиликлар

Text to speech