15 Феврал 2023 йил 1030

Транспорт воситасини олиб қочиш ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилди

Жорий йилнинг 12 февраль куни Юнусобод тумани ИИО ФМБга 40 ёшли Баходир Т. мурожаат қилиб, савдо маркази ёнида қаровсиз қолдирилган “Ваз-2107” русумли автомашинасини номаълум шахс олиб қочиб кетганлигини маълум қилган. Фуқаро автомашина эшикларини қулфламай, калитини ҳам ўзида қолдирганлиги сабабли, шу ердан ўтиб кетаётган 23 ёшли Муҳаммадқодир Я. очиқ қолган автомашинага ўтириб, уни номаълум томонга ҳайдаб кетган. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида, автомашина олиб қочган шахс Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан ушланган
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси (Транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.
Ҳурматли пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонлари! Очиқ ҳолда қаровсиз қолдирилган автомобиль ғаразгўйлар учун жалб қилувчи омил ҳисобланади. Транспорт воситангиздан бир неча дақиқага узоқлашишни режалаштирганингизда ҳам уни калит билан қулфлаб кетинг.

Барча янгиликлар

Text to speech