11 Май 2024 йил 995

Эҳ, соддалик қурсин...

Бугун ҳеч бир нарсада тақчиллик йўқ. Бир неча ўн йиллар аввал кундузи чироқ ёқсанг топилмайдиган нарсалар пештахталарда кўзингни қувонтириб турибди. Хоҳлаган русуми, ранги, сифати бор. Баъзида нарсаларни кўриб, унинг нимага кераклигини билолмай қоласан, киши. Бироқ буларнинг ҳаммасига пул керак. Ҳеч бири текин эмас.  Пулни эса ишласанг топасан.

Афсуски, орамизда ўзгалар ҳисобига яхши яшашни, ҳашаматни  хуш кўрадиган, лекин жонини койитмай пул топишни ўйлайдиган кимсалар йўқ эмас.

Музроб (исмлар ўзгартирилган) айни гуркираган, меҳнат қилиб толмайдиган ёшда. Бироқ меҳнатга бўйни ёр бермагани, ўзгалар чўнтагига кўз олайтиргани учун  панжара ортида  “меҳмон” бўлишига тўғри келган. Бундан ўзига  яраша хулоса чиқариб олгандир, десангиз адашасиз.

Такси тўхтатган Музроб ҳайдовчига узоқ масофани айтиб, озгина савдолашган бўлди.  Усталигини қарангки, масофани ҳам одамини ҳам  тўғри чамалаган экан. Бу вақт оралиғида ҳайдовчининг ишончига кириб улгурди ва ёнидаги 100 АҚШ долларини йўлда учраган банкда алмаштириб бериш эвазига ундан бир миллион қарз олди. Омади чопиб, йўлда банкнинг қораси  ҳам учрамади. Укасининг ишхонасидан олиб беришни ваъда қилиб, ишончли чиқиши учун йўлда дорихонага ҳам кириб чиқди. Укасига мазкур дорилар жуда зарур эканлигини, дориларни топширадию тахт қилиб қўйган миллионни олиб беришини таъкидлаб, манзилни айтди. Бир идора олдида тўхтатди ва ҳозир укасидан пул олиб чиқишини тайинлаб, кириб кетди. Савоб қилганидан  кўнгли кўтарилган ҳайдовчи ярим соат кутди, бир соат кутди... Йўловчисига ишонган ҳайдовчи нафақат яшаш жойи ақалли телефон рақамини ҳам сўрамаганини алам билан эслади. Паймонаси тўлган ҳожатбарор ичкари кириб йўловчисини сўради. Эшикбоши қиёфаси таърифланган йигит идорага кирмаганини айтганда, ҳожатбарор акамиз қай аҳволга тушганини  тасаввур қилинг.

Бир миллион пулнинг аччиғи уни пойтахт туманларидаги ички ишлар идораларига етаклади. Тезкор-тергов гуруҳи ходимлари керакли маълумотларни олгач, ишга киришдилар. Тез орада муқаддам судланган,  ўнга яқин соддадилларни шу йўсинда чув туширган Музроб қўлга олинди. Тергов жараёнида Музроб қилмишидан пушаймон эканлигини, шайтон йўлдан урганлигини айтиб, айбини шайтонга юкламоқчи бўлди. Шубҳасизки, бу жинояти учун жазо кучлироқ бўлиб, хулоса чиқаришига сабоқ бўлса...

Шу ўринда одамларга – огоҳ бўлинг, ҳар бир кимсага ишонаверманг, дегинг келадию, агар одам одамга ишонмаса, зарур  бўлганда ёрдам қўлини чўзмаса, одамийлик ҳақида гапиришга ҳожат бормикан, деган савол қийнайди!

Барча янгиликлар

Text to speech