17 Декабр 2024 йил 364

«Сал шошқалоқлик қилибсан, студент»

Аслида ҳамма нарса ниятга боғлиқ. Яхши ният қилсанг, ишинг ўз-ўзидан бароридан келаверади, ёмон ният бўладиган ишни ҳам орқага тортаверади. Фарруҳ пойтахт олийгоҳларидан бирида ҳисобчи бўлиб ишлайди. Миллионлаб пулларни у қоғоздан бу қоғозга, у чўнтакдан бу чўнтакка ўтказади. Қўлидан миллионлаб пуллар ўтгани билан улар ўзиники эмас. Баъзан бу рақамларга қараб чуқур ўйга толади. Ичида нимадир ғимирлайди. Шундай пайтларда ўзини аранг тўхтатиб, шайтонга «ҳай» беради. Бироқ бу ўз нафси билан кураши қачонгача унинг ғалабаси билан тугайди ўзи ҳам билмайди. Афсуслар бўлсинки, ўша нафси ғолиб бўлган кун ҳам келди. Кунлардан бир кун, яъни 2021 йилнинг ноябрь ойида талаба Р.Темурнинг пластик картасидан 2021-2022 ўқув йили учун деб аввал 2.500.000 сўм, декабрь ойида эса 6.000.000 сўм пулини олиб ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборди.
– Тергов жараёнида Фарруҳ: «Темурдан бу пулларни қарзга олган эдим. Темурнинг шартнома пулини тўлаш учун ота-онамдан пул олгани қишлоққа кетгандим. Афсуски, мен қишлоқдан қайтгунимча Темур шошқалоқлик билан ички ишлар идораларига ариза билан мурожаат қилибди. Берардим ўша пулини», дейди ўз кўрсатмасида. Табиийки, қўнғироқларга жавоб бермаган, бир неча бор Фарруҳни яшаш жойидан топа олмаган Темур ариза ёзган, ички ишлар органлари ходимлари уни қидирувга беришган, – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Аҳрор Шарипов. – Турли ёлғон билан у терговни чалғитишга уринди. Жазодан қочиш, уни енгиллатиш учун ҳар хил баҳоналар келтирди.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди очиқ суд мажлисида 1983 йилда туғилган, уч фарзанднинг отаси бўлмиш Р. Фарруҳнинг қилмишини кўриб чиқди. Унинг айбига тўлиқ иқрорлиги, етказилган зарарни қоплаганлиги, қилмишидан пушаймонлиги, унга нисбатан жабрланувчининг даъвоси йўқлиги суд томонидан инобатга олинди. Тайинланадиган жазонинг судланувчини қайта тарбияланишига ва оиласининг яшаш шароитига таъсири ҳамда жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларини инобатга олиб, суд унга нисбатан ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлашни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблади. Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» бандида («Фирибгарлик») назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топиб, иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди.

Барча янгиликлар

Text to speech