1 Июл 2024 йил 0

Ушалмаган чет эл орзуси

Фарзандига чиройли исм қўйиш ота-онага фарз. Бекзоднинг ҳам ота-онаси ўзига бек, ўқимишли, олижаноб, ақлли, давлатманд бўлсин деган ниятда шу исмни қўйди. 

Бироқ у кўп вақтини интернет тармоғидаги турли сайтлар ва каналларга кириб ўтказишни одат қилди. Реал иш қидириш ўрнига, кўнглига ёқадиган, асосийси, тер тўкмай мўмай пул олиб келадиган ишни ижтимоий тармоқлардан қидира бошлади. Шундай уринишларнинг бирида, аниқроғи 2023 йилнинг июнида чет давлатларга ишга жўнатувчи гуруҳ ҳақида эшитди.

Бекзод саккиз минг АҚШ доллари эвазига Америка давлатига юбориш мумкинлиги ҳақидаги эълонни ва унда кўрсатиб ўтилган маълумотларни билиб олди. Ўзи ҳам шундай фаолият билан шуғулланишга қарор қилди.

Ҳадемай, унинг телеграм канали ишга тушди. Унга қўнғироқ қилган шахс АҚШ давлатига бориш шартлари билан қизиқди. Бекзод ўз хизматини 17 минг АҚШ долларига баҳолади. Туркия орқали Мексикага ва ундан Америкага ўтказишини айтиб, ишонтиради. Ваъдани қуюқ қилган Бекзод уч кишини алдаб, 51 минг АҚШ долларига чув туширишни режалаштиради. Бироқ Америка орзусидаги орзумандларнинг биридан айтилган суммани олаётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан қўлга олинади.

– Тергов жараёнида у чет элга олиб чиқиш қоидаларидан мутлақо бехабарлиги, бу ҳақда тасаввурга ҳам эга эмаслиги, шунчаки телеграмда ҳазиллашганини баён этди. Аммо бу алдовларга ходимларни ишонади деб ўйлаб, хато қилди, – дейди мазкур жиноят ишини тергов қилган Чилонзор тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими катта терговчиси, майор Камолиддин Нарзиев.

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди етказилган зарар қопланганини инобатга олиб, Бекзодни Жиноят кодексининг 168-моддасига (“Фирибгарлик”) асосан, ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолинган ҳолда, 1 йилу 6 ойга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилди.


Нилуфар ИСОХОНОВА,

Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати бошлиғи

© Gazeta «Mahalla», №34 (2172), 2024-yil 29-iyun

Барча янгиликлар

Text to speech