4 Июн 2022 йил 767

ҲАРАКАТЧАН ВА ЖОНКУЯР

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 151-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Н. Мифтахова дарсларга умуман қатнашмай қўйди. Туман ИИОФМБ ЖХХ ҲПБ вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологи, катта лейтенант Моҳинур Мадираҳимова ўқувчининг синф раҳбари Н. Собирова билан ҳамкорликда ҳолат бўйича суриштириш ишларини олиб борди.

Маълум бўлишича, қизнинг ота-онаси ажрашиб, у отасининг қарамоғида қолган. Ота эса қизини назоратсиз қолдирган. Натижада Н. Мифтахова дарсга бормасдан, кўчаларда бемақсад юрган. Инспектор унинг отаси Р.Мифтахов билан профилактик суҳбат ўтказиб, қизининг таълим-тарбиясига бефарқ бўлмасдан, билим олишига шароит яратиб бериши ҳамда вақтида назоратга олиши лозимлиги тўғрисида огоҳлантирди. Шундан сўнг ҳолат ижобий томонга ўзгариб, Н. Мифтахова дарсларга мунтазам қатнаша бошлади, ўзлаштириши ҳам яхшиланди.

Бундан ташқари, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда таълим сифатини яхшилаш, ўқувчилар орасида соғлом муҳитни шакллантириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, ёшларни спорт, фан тўгаракларига жалб этиш, китобхонликни кенг тарғиб қилиш орқали вояга етмаганлар томонидан турли ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга қаратилган тадбирларни ташкиллаштиришда қатнашади.

Вояга етмаганлар билан ишлайдиган ходимнинг ўзи ҳам маърифатли ва уларга ўрнак бўлиши лозим. Шунинг учун қаҳрамонимиз бўш вақтларида кўпроқ китоб мутолаа қилади.

Дарвоқе, у Хоразм вилояти Қўшкўпир туманида таваллуд топган. ИИВ Академиясини тамомлаб, ички ишлар органларидаги фаолиятини Қўшкўпир тумани ИИОФМБ 1-сонли ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи суриштирувчиси лавозимида бошлаган. Кейинчалик 3-сонли ИИБ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, вилоят ИИБ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича инспектори, Урганч шаҳар ИИОФМБ ТЭҚК бўлими тезкор вакили лавозимларида хизмат қилган. 2022 йилнинг апрелидан ҳозирги лавозимда фаолият юритиб келмоқда.

Хоразм вилоятида фаолият юритаётган даврида, аниқроғи 2020 йилнинг февраль ойида вилоят ИИБ тизимида хизмат қилаётган хотин-қизлар ўртасида спортнинг шашка тури бўйича ўтказилган мусобақада фахрли 1-ўринни эгаллаган. Унинг бу қизиқиши бугун вояга етмаганлар билан ишлашда, уларни спортга ошно тутинтиришда қўл келмоқда.

 

«Postda-На посту»

Барча янгиликлар

Text to speech