9 Феврал 2023 йил 752

Ёшлар – келажак бунёдкори: ҲАР БИР ХАТТИ-ҲАРАКАТ НАЗОРАТДА

Учтепа тумани ИИОФМБ ҲПБ ВЕМБ инспектор-психологи, лейтенант Достон Ширинов ҳудуддаги мактабларда вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш учун масъул. Унга 295 ва 296-сонли умумтаълим мактаблари бириктирилган.

Жорий йилнинг ўтган даврида ушбу мактабларда вояга етмаганлар ўртасида бирорта ҳам жиноят содир этилмади. Келгусида ҳам салбий оқибатларнинг юзага келмаслиги учун «Давомат» ва «Ўқувчи» профилактик тадбирлари мунтазам ўтказиб келинмоқда. Профилактик тадбирлар давомида тарбияси оғир, тартиб-қоидаларга риоя қилмаган ва сабабсиз дарс қолдирган ўқувчилар билан алоҳида тушунтириш ишлари олиб борилиб, уларнинг ота-оналарига нисбатан МЖтКнинг 47-моддасига асосан ҳужжатлар расмийлаштирилиши тўғрисида тушунчалар бериб борилмоқда.

Шунингдек, мактабларда меҳнат фахрийлари, юртимизнинг таниқли шахс­лари ва санъаткорлар билан учрашувлар ҳамда давра суҳбатлари ташкил қилинмоқдаки, бу ёш авлоднинг она Ватанга муҳаббат руҳида улғайишида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

«Гуруч курмаксиз бўлмайди» деганларидек, ўқувчилар орасида тарбияси оғир ва ножўя хатти-ҳаракат қиладиганлари ҳам учраб туради. Хусусан, 296-сонли мактабда ўтказилган текширувлар давомида 8-синф ўқувчиси П.Т.нинг сумкасида электрон сигарета борлиги аниқланди. Суҳбат давомида вояга етмаган бу ўқувчи электрон сигаретани бозордан сотиб олгани ва ўзи чекишини маълум қилди. Ҳолат юзасидан унинг ота-­онасига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди.

– Бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мактабларда «Жиноятчилик ва унинг оқибатлари», «Гиёҳвандлик – аср вабоси» мавзуларида тушунтириш ишлари олиб борилиб, мавзуга оид видеороликлар намойиши йўлга қўйилган, – дейди Д. Ширинов. – Шунингдек, ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида маҳалла ва жамоатчилик билан ҳамкорликда спорт мусобақалари, интеллектуал ўйинлар ҳамда ижодкор ёшларимиз билан шеърият кечалари ўтказилмоқда.

Замон шиддат билан ўзгариб, ахборот технологиялари ривожланиб бораётган бир даврда ёшларимизни ҳар хил иллатлар, ёт ғоялардан асраш учун ҳар биримиз сергак ва огоҳ бўлишимиз лозим. Уларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатидан воқиф бўлиш бугуннинг энг долзарб масаласи. Зеро, ёшлар келажагимиз эгаларидир.

 

Сарвар СОБИРОВ,

«Postda» мухбири.

Тошкент шаҳри

Барча янгиликлар

Text to speech