19 Июл 2023 йил 1306

Хизматдан қадр топаётган жуфтлик

Майор Жавлон Иноятов Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ бригадаси Кузатув ва оммавий тадбирлар даврида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш махсус батальони 1-сафарбар гуруҳи йўл-патруль хизмати катта инспектори вазифасида хизмат қилади.

Қаҳрамонимизнинг отаси истеъфодаги подполковник Миржалил Иноятов ҳам ИИБ ЙҲХБда масъул лавозимларда фаолият юритган. Эндиликда унинг касбини икки ўғли давом эттирмоқда. Жавлоннинг акаси Жаҳонгир Иноятов ЙҲХБ ЙПХ бригадаси 3-батальони ЙПХ катта инспектори лавозимида хизмат қилади, унвони майор.

Буни қарангки, Миржалил ака оиласининг ришталари яна бир осойишталик посбони бош бўлган оила билан боғланди. Жавлон узоқ йиллар ИИБ ЙҲХБ ходими бўлиб ишлаган, подполковник Холмат Бегматовнинг қизи Нилуфархон билан турмуш қурди. Холмат ака ҳозир пенсияда, фарзандлари ва набираларининг камолини кўриб, кексалик гаштини суриб юрибди. У ҳар гал дуога қўл очганида, юртга тинчлик, фарзандлари ва набиралари камолини ҳамда уларга узоқ умр тилайди.
Нилуфар турмушга чиққан пайтда Тошкент тиббиёт академияси талабаси эди. Ҳам турмуш ташвишлари, ҳам таҳсил олишни бирдек олиб бориш мушкуллигини яхши англаган қайнонаси Муҳаррамхон опа унга яқиндан ёрдам берди. У киши яқиндагина туғилган набираси Давронжонга қараб турар, келини ўқишдан келгач, ўзининг қадрдон жамоаси томон ошиқарди. Дарвоқе, Муҳаррамхон опа ҳам ИИВ Марказий поликлиникасида ишлаган. Кейин бирин-кетин Мардонжон ва Эъзозахонлар ҳам дунёга келишди. Улар ҳам шу тариқа тетапоя қила бошлашди.

Нилуфархон ўз соҳасини янада мукаммал эгаллаш учун Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида ҳам таҳсил олди. Ундаги ички ишлар органлари соҳасига бўлган қизиқиш кучлилик қилиб, ҳужжатларини Тошкент шаҳар ИИББга топширди. 2018 йилдан Бош бошқарма тиббиёт бўлимида шифокор-офтальмолог сифатида осойишталик посбонларининг саломатлиги йўлида хизмат олиб бормоқда, унвони капитан.

Ҳам шифокор, ҳам ички ишлар органи ходими бўлиш улкан масъулият талаб қилади кишидан. Оилада эса турмуш ўртоқ, фарзандлар тарбияси ва рўзғор юмушларини ҳам елкасига олган аёл. Баъзилар Нилуфарга дўхтир дея мурожаат қилса, айримлар уни ички ишлар органи формасида кўриб ҳаваси келади.

Инсон, айниқса аёл, оиласи тинч, фарзандлари соғлом бўлса, кўнгли хотиржам бўлиб, ўзини тўла тўкис севган ишига бағишлайди, меҳнатидан қадр топади. Шунинг ўзи катта бахт эмасми?

Улар билан суҳбат қурар эканмиз, Жавлон ҳам, Нилуфар ҳам турмуш қийинчиликларидан нолимади. Аммо уларнинг самимий суҳбатларидан илғаш қийин эмаски, паст-баландликлардан иборат бўлган бу ҳаётда турмуш ташвишларининг барчасини биргаликда енгиб ўтишмоқда, сабр қилиб, фарзандлар камоли учун ҳаракат қилишмоқда.

Биз тинч, осуда ва янада обод бўлаётган мамлакатда яшаяпмиз. Бунда Иноятовлар каби осойишталик посбонларининг ҳам ўз ҳиссаси бор.

Сарвар СОБИРОВ
© POSTDA – На посту

Барча янгиликлар

Text to speech