21 Июн 2023 йил 689

Хайрли ишлар давом этажак

Яшнобод тумани 3-сектор ҳудудида 76 минг нафардан ортиқ аҳоли яшайди. Шундан 38 минг нафардан ошиғи хотин-қизлар, 15 минг нафарга яқини ёшлардан иборат. Жорий йил май ойида Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти ва туман 3-сектор раҳбари, ИИОФМБ бошлиғи, подполковник Ойбек Каимхўжаев томонидан ёшлар билан учрашувлар ташкил этилди. Бир қатор ёшларнинг мурожаатлари тингланиб, муаммолари ўрганилди ва уларнинг ечимига кўмак берилди. Мисол учун, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси А.Бобомуродова фуқаролик паспортини йўқотган экан, янгисини олишга эса имконияти йўқ. Сектор раҳбари томонидан унга янги ID-карта топширилди. Шунингдек, 4 нафар ёш субсидия олиши учун «Ёшлар дафтари»га киритилди.

Бундан ташқари, «Баркамол» маҳалласида яшовчи 2001 йилда туғилган олий таълим муассасасига шартнома асосида ўқишга кирган Малика Халенованинг бир йиллик ўқув йили учун 50 фоиз контракт пули тўлаб берилди. Хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлар, подполковниклар Диёра Омонова ва Муқаддас Авазова, катта лейтенант Мухлиса Бурхонова ҳамда Ёшлар масалалари бўйича катта инспектор, капитан Альбина Ахмедовалар нафақат 3-сектор, балки туман миқёсида ўз йўналишлари бўйича бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириб келишмоқда.

Хусусан, оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан мутасаддилар билан биргаликда хотин-қизларни касб-ҳунарга ўргатиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёш хотин-қизларни тўғри йўналтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш, соғлом турмуш тарзини таъминлаш, тураржойга муҳтожларни уй-жой билан таъминлаш, турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, даромадларини кўпайтириш каби хайрли ишлар тегишли идора вакиллари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Яқинда 3-сектор раҳбари ҳамда Касаба уюшмалари Федерацияси ходимлари томонидан «Хосиятли» маҳалласида яшовчи, «Аёллар дафтари»га киритилган М. Султоновага даволаниши учун «Чинобод» санаторийсига бепул йўлланма берилди.

Мамлакатимизда олиб борилаётган барча ислоҳотлар одамларнинг дарду ташвишларини енгиллатиш, уларнинг фаровон ҳаёт кечиришига қаратилган. Инсон қадр-қиммати ва унинг қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадидаги кенг кўламли ислоҳотлар янги поғонага кўтарилмоқда. Яшнобод тумани 3-сектор мисолида кўрганимиздек, хайрли ишлар бардавом бўлиши беиштибоҳдир.

Сарвар СОБИРОВ,
© POSTDA – На посту

Барча янгиликлар

Text to speech