Сергели тумани ИИОФМБнинг умидли ёш ходимлари ҳудуд тинчлиги ва осойишталигини таъминлашда ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Улар устозлари ва ҳамкасбларидан билмаганларини ўрганиб, тажрибаларини орттириб боришмоқда.
Туман мактабларида якунланган ўқув йили давомида вояга етмаганлар томонидан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ёки бошқа ғайри ижтимоий хатти-ҳаракатларга имкон бераётган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда улар ўртасида турли кўнгилсиз ҳолатларни бартараф этиш бўйича туман ИИОФМБ ҲПБ Вояга етмаганлар билан ишлаш гуруҳи ВЕМБ инспектор-психологлари, лейтенантлар Ғайрат Юсупалиев ва Лобархон Саидованинг мактаб маъмурияти билан ҳамкорликда ўтказиб келган тадбирлари ўз самарасини берганини ҳам таъкидлаш лозим.
– Бошқармада «ходимбай» ишлаш тизими асосида шахсий таркиб ўртасида касбий маданият, хизмат интизоми кодексига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, уларнинг маънавий-ахлоқий, жисмоний, жанговар ва соҳага оид билимларини ривожлантириш ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишларини ташкил этишда Кадрлар билан таъминлаш гуруҳи мутахассис-инструктори, лейтенант Рустамхон Ҳамдамов муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда, – дейди Кадрлар билан таъминлаш гуруҳи катта инспектори, майор Фарҳод Абдуллаев. – Шунингдек у ходимлар билан индивидуал суҳбатлар ўтказиш жараёнида уларнинг ижтимоий муаммоларини, оилавий ва иқтисодий аҳволини ўрганишда гуруҳ ходимларига кўмакдош бўлмоқда.
Лейтенант Рустамхон Ҳамдамов спортга ошно ходимлардан бири. У кўп йиллардан буён кикбоксинг билан шуғулланиб келади. У айни вақтда кикбоксинг ва муай-тай бўйича ўтказилган кўплаб мусобақаларда туман ИИОФМБ, қолаверса, бутун ички ишлар органлари шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда. Бунга қадар қатор мусобақаларда шоҳсупага кўтарилган спортчи ходим 2019-йили кикбоксинг бўйича Осиё чемпионати кумуш медалига сазовор бўлди. Ўша йили Тошкент шаҳар ҳамда Қашқадарё вилояти очиқ чемпионатларида ғалаба қозонди, «Best of the best Uzbekistan» чемпионлик камари соҳибига айланди. 2021 йили эса нуфузли халқаро турнирда барча рақибларини мағлуб этиб, олтин медаль билан тақдирланди.
Кикбоксинг бўйича спорт устаси, лейтенант Рустамхон Ҳамдамов келгуси халқаро мусобақаларда ҳам муносиб қатнашиб, юртимиз байроғини баланд кўтариш ниятида.