Майор Фаррух Икрамов Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ИИОФМБ Ташкилий бўлимида катта инспектор лавозимида фаолият юритади. Унинг асосий вазифаси – бошқарманинг «қайноқ нуқтаси» бўлган навбатчилик қисми фаолиятини назорат қилиш, шунингдек, ходимларнинг хизмат вазифаларини белгилаш, ҳодиса жойига тергов-тезкор гуруҳи чиқиши ҳамда содир этилган жиноятларнинг «иссиқ изида» очилишини ташкиллаштириш.
– Ходимларимиз кечаю кундуз келиб тушаётган ҳар бир хабарни энг кичик тафсилотигача навбатчилик қисмида юритиладиган дафтарга қайд этиб боради, – дейди майор Фаррух Икрамов. – Ҳатто кимдир телефон қилиб, бирор сўз айта олмай алоқа узилса-да, ушбу хабар Тошкент шаҳар ИИББ Навбатчилик қисмидаги махсус техникалар ёрдамида обдан ўрганиб чиқилади.
Жорий йилнинг бошидан буён Навбатчилик қисмида рўйхатга олинган жиноятлар сони 360 дан ортиқни ташкил этди. Тергов-тезкор гуруҳи 170 маротабадан кўп ҳодиса жойига чиқарилган.
Хусусан, жорий йилнинг 14 февраль куни тахминан соат 00:20 ларда Навбатчилик қисмига ташвишли хабар тушади. Хабарда айтилишича, туманнинг «Амударё» кўчаси 4-уй олдида қаровсиз қолдирилган «Нексия-3» олиб қочилган. Навбатчилик қисми ходимлари томонидан тезда «Тўсиб ушлаш» тадбири эълон қилинади. Туман миқёсида ушбу автоуловни топиш чоралари кўрилади. Буни қарангки, машинани олиб қочган фуқаро З. М. уни Аҳмад Югнакий кўчасидаги кўп қаватли уй олдида қолдириб, ўзи яшириниб олган экан. Қолдириб кетилган транспорт воситаси туман ИИОФМБ ЖТСБ ППХ отряди ходими саъй-ҳаракати билан топилади ва тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилади, узоққа қочиб улгурмаган З.М. эса қўлга олинади.
Шунингдек, жорий йилнинг 24 февраль куни тахминан соат 13:39ларда Навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра, «Яланғоч» мавзеси «Неъмат» кўчаси 111-уй олдида турган, 1994 йилда таваллуд топган Ш.Б.нинг ёнига 5 нафар номаълум шахс келиб, уни уриб, тан жароҳати етказиб, 1 миллион 300 минг сўм пулини эгаллаб, воқеа жойидан қочиб қолишади.
Воқеа жойига чиққан тергов-тезкор гуруҳи ҳолатни ўрганади. Шундан сўнг олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида бешала гумон қилинувчи ҳам қўлга олинади.
Майор Фаррух Икрамов ички ишлар органларидаги илк хизмат фаолиятини профилактика инспекторлигидан бошлаган. Қарийб тўрт йилдан сўнг туман ИИОФМБ Навбатчилик қисми катта инспектор-навбатчиси лавозимида хизмат қилиб, «қайноқ нуқта»нинг сир-асрорларини ўрганади. Орада бир муддат яна профилактика инспектори бўлиб фаолият юритган осойишталик посбонига 2022 йилдан эътиборан ташкилий бўлим катта инспекторлиги лавозими ишониб топширилади.
Юқорида таъкидланганидек, туман миқёсида содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг «иссиқ изида» очилишида майор Фаррух Икрамовнинг ҳам ҳиссаси бор, албатта.
Сарвар СОБИРОВ,
© POSTDA – На посту