19 Июл 2023 йил 711

Рад этиб бўлмас далил

Жорий йилнинг 25 май санасида пойтахтнинг Учтепа туманида жойлашган савдо мажмуаларидан бирида ўғрилик жинояти содир этилди. Воқеа жойига етиб борган Тошкент шаҳар Учтепа туман ИИОФМБ тергов-тезкор гуруҳи таркибида эксперт-криминалистика бўлими ходими ҳам бор эди. Жиноят содир этилган жойдан олинган бармоқ излари орқали 2006 йилда таваллуд топган Н.Ш. қўлга олинди. Рад этиб бўлмас далил олдида ожиз қолган жиноятчининг барча қилмишини тан олишдан бошқа чораси қолмайди.

– Ўтган олти ой давомида қўл бармоқ излари орқали 6 та жиноят фош этилди, – дейди туман ИИОФМБ ЭКБ бошлиғи, подполковник Зай­ни Аширов. – Шунинг­дек, 438 та жиноят жойи кўздан кечирилган, 80 та турли экспертизалар бажарилган ва 7 та фоторобот тузилган.

Бундан ташқари, бўлимга олиб келинган шахсларнинг қўл бармоқ излари ва суратлари «СОНДА», «ДОСЬЕ» дастурларига киритиб борилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда содир этилганларининг «иссиқ изида» очилишида ижобий натижа бермоқда.
Эксперт-криминалистика фаолиятининг самарадорлигига эришишда соҳага замонавий технологияларни жорий этиш баробарида, ходимларнинг касбий билим ва малакасини оширишнинг ҳам аҳамияти беқиёс. Ходимлар режа асосида ўқув-малака курсларида таҳсил олиб, дактилоскопия, трасология, портрет ҳамда хатшунослик, совуқ қуроллар юзасидан тадқиқотлар ўтказиш бўйича сертификатларга эга бўлишмоқда.

Тезкор ва самарали фаолият олиб бориш учун бўлимда барча шарт-шароитлар яратилган. Замонавий компьютер воситалари, фотоаппаратлар ҳамда бошқа махсус жиҳозлар жиноят жойидан керакли ашёвий далилларни топиш, ҳар қандай жиноятни ишончли далиллар билан исботлашда қўл келмоқда. Бошқача айтганда, далилларни тўплашда фан-техниканинг замонавий ютуқларини, хусусан, илғор криминалистик услуб ва воситаларни қўллаш имконини бермоқда.
Катта лейтенант Алишер Маҳамадаминов яқинда Тошкент шаҳар ИИББ идора ва тизимларида фаолият юритаётган ёш ходимлар ўртасида ўтказилган «Ҳарбий эстафета» мусобақасида фаол қатнашди. Мусобақада туман ИИОФМБ жамоаси пойтахт ИИББ идора ва тизимлари ўртасида фахрли биринчи ўринни қўлга киритишига муносиб ҳисса қўшди.

Ҳозирда бўлимда замонавий илм-фан ютуқларидан бири ҳисобланган «Polifase» компьютер техникаси ўрнатилган. Унинг ёрдамида фото ва видеотасвир орқали гумонланувчининг шахсини идентификация қилиб, тезда унинг кимлигига аниқлик киритилади. Ушбу рақамли техниканинг имконияти кенг бўлиб, юзини бекитиб олган кимсани ҳам таниб олиш хусусиятига эга.

«Papillon» рақамли технология орқали эса республика миқёсида базага киритилган қўл-бармоқ излари маълумотларидан фойдаланиш мумкин. Олдинлари бу жараёнларни ҳал этиш учун шаҳар ИИББ ёки вазирликка мурожаат қилишга тўғри келар эди. Ҳозирда барчаси туман ИИОФМБ ЭКБнинг ўзида бажариляпти. Бу эса жиноятнинг тез фош этилишида қўл келмоқда.

Сарвар СОБИРОВ
© POSTDA – На посту

Барча янгиликлар

Text to speech