Журналистлар жамиятнинг санитарлари, деган гапни кўп бора эшитганман. Чиндан ҳам, журналистика – жамиятдаги адолатсизликлар ҳақида бонг урадиган «барометр». Бир сўз билан айтганда, у – жамият виждони. Чунки журналист халқи одамлар ҳаётига бевосита дахлдор ҳар қандай воқеа-ҳодисага бефарқ бўлолмайди.
Мен танлаган соҳа ҳам адолатсизликка қарши курашиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби жиҳатлари билан журналистикага бегона эмасдек...
Нега буларни айтяпман. Дадам Маматурсун Отахонов ўтган асрнинг 80-йилларида «Тошкент оқшоми» газетасида севимли адибларимиз Ўткир Ҳошимов, Машраб Бобоев, Тўлқин Қозоқбоев каби ижодкорлар билан бир сафда фаолият юритган. Дадахон Нурий билан ака-укадек қалин эдилар. Таниқли журналист Сафар Остонов у кишининг шогирдларидан бири бўлган.
Яқинда журналист Азим Пўлатовнинг «Facebook» ижтимоий тармоғидаги саҳифасида қуйидаги сўзларини ўқиб қолдим:
— Маматурсун Отахонов Ўзбекистон радиосининг «Тошкент» каналида ишлаган. У кишини кўпчилик ўзгалар мушкулини осон қиладиган, ҳожатбарор инсон сифатида эслашади. Жамоа учун жонини ҳам аямас, қўлидан нимаики ёрдам келса қиларди. У кишини жаҳонгашта журналист, десак, янглишмаймиз. Касб тақозоси билан кўплаб юртларни кезди, машҳур инсонлар билан учрашиб, қизиқарли суҳбатлар уюштирган. Айниқса, машҳур спорт шарҳловчиси Николай Озеров билан қилган суҳбатини газетхонлар, радиотингловчилар яхши эслашади.
Фарзанд учун ўз падари бузруквори ҳақида бундай илиқ хотираларни эшитиш ёқимли. Афсуски, у киши 57 ёшида бу ёруғ оламни тарк этдилар. Отам онамиз Хадича ая билан уч ўғил, бир қизни оқ ювиб, оқ тараб, элга қўшди. Бугун барчамиз у киши берган ўгитларга амал қилган ҳолда, жонажон Ватанимиз равнақига баҳоли қудрат ҳисса қўшиб келмоқдамиз.
Отам Маматурсун Отахонов журналист ва шу юртнинг зиёли фарзанди сифатида бутун умр адолатсизликка, ҳақсизликка қарши курашиб яшади. Биз фарзандларга ҳам ҳамиша одил бўлишни, ҳалол яшашни уқтириб ўтдилар. Шу боис мен ҳам одамлар ҳуқуқини ҳимоя қиладиган, адолатсизликка муросасиз бўлган соҳада хизмат қилишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим.
Ички ишлар органларида турли вазифаларда фаолият юритиб, бугунги кунда Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани бўйича ИИОФМБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори лавозимида хизмат қиляпман. Фуқаролар билан мулоқотларда, айниқса, аёллар билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда қулоғим остида отам берган ўгитлар ҳамиша жаранглаб туради.
Ҳар бир ички ишлар органи ходими унга билдирилган ишончни ҳеч қачон суиистеъмол қилмаслиги шарт. Ҳар қандай вазиятда ва шароитда ҳам адолат томонда туришга қодир бўлиши керак. Шундагина қалб хотиржам бўлади. Мен бунга отамнинг ўгитларига амал қилиб, амин бўляпман.
Нодира АТАХАНОВА,
подполковник.
© POSTDA – На посту